© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистон: журналистларни ишлаб чиқариш бўйича янги "фабрика"

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда барпо этилган журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг монополияси бўлажак журналистларни ўқитишда ҳукумат кутаёган ижобий натижаларни бермайди.


Подпишитесь на наш канал в Telegram!


Шу йил Ўзбекистонда журналистика ва оммавий коммуникациялар университети барпо этилди. Ушбу олийгоҳ республикада медиа соҳаси ходимларини тайёрлаш бўйича ягона даргоҳ бўлиши кутилмоқда. Миллий университет ва Жаҳон тиллари университетларидаги журналистика кафедралари вақт ўтиши билан ёпилиши кўзда тутилган. 2018-2019 ўқув йилларида ушбу ўқув муассасалари журналистика йўналиши бўйича янги талабаларни қабул қилмади.

Мазкур қарор «глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш» мақсадида қабул қилинганлиги ҳақида хабар берилди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев малакали кадрлар тайёрлашни шу тарзда яхшилашга умид боғлаган.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети. Фото: uz.sputniknews.ru

Янги олийгоҳ абитуриентларни тест синовлари, ижодий имтиҳон ва суҳбат асосида қабул қилади. Талабаларни бакалаврнинг саккиз йўналиши бўйича қабул қилиш квоталари сони ушбу ўқув йилида юзтани ташкил қилди. Ўқишга кириш учун 675 та абитуриент ҳужжат топширган.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Файзулло Мўминовнинг таъкидлашича, янги олийгоҳнинг очилиши турли йўналишлар бўйича журналист кадрларни тайёрлаш масаласини ҳал қилади.

Файзулло Мўминов. Фото: Kun.uz

«Бугунги кунда матбуот, телевидение, радио ва интернет шу даражада жадал ривожланиб кетдики, умумий тармоқли журналистларни тайёрлаш тизими ўзини оқламай қўйди, – дейди Мўминов. – Ахборот билан ишлай оладиган мутахассисларга бўлган эҳтиёж ўсиб, кўп тармоқли бўлиб бормоқда. Агар ҳозирги кунда фаолият юритаётган факультетлар ўз йўналишларини топа олса, уларга фақат муваффақият тилаймиз. Ўйлайманки, бундай йўналишларни топиш мумкин ва буни амалга ошириш шарт».

Янги йўналишларни топиш учун ўқитувчилар ва маблағ зарур, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) эса ушбу ўқув йилида биринчи курс талабаларини қабул қилмади. Натижада ўқув юки ва фанлар сони кескин қисқарди, кўплаб ўқитувчиларни ишдан бўшатишга тўғри келди, қолганлари эса ярим ёки чорак ставкада ишлашмоқда. Факультетда декан ўринбосари вазифаси тугатилди, келажакда эса талабалар камлиги сабабли декан лавозими ҳам йўқ бўлиши мумкин.

Бугунги кунда факультетда 9 нафар магистратуранинг иккинчи босқичи ва бакалавр босқичининг 170 нафар битирувчи курс талабалари таҳсил олишмоқда. Улар ушбу олийгоҳни битиришади, аммо ўқитувчилар штат қисқаргани боис қўшимча иш олишга мажбурлар.

Сиёсатшунослик бизга керак эмас

Ўзбекистон олийгоҳларида кафедралар фаолиятини тугатиш ҳолатлари бундан олдин ҳам учраган. 2015 йил мамлакат олий ўқув юртларида сиёсатшуносликни ўргатишдан воз кечилди. Таълим вазирлиги ушбу қарорни сиёсатшунослик фанида илмий методология йўқлиги, мавзулари бошқа илмий фанлар мавзуларини такрорлаши ва ўқув қўлланмаси ғарб манбаларига асосланиши билан изоҳлади.

Бошқа сабаблар сифатида сиёсатшунослик курсларида мамлакатнинг илмий мероси ҳамда тараққиётнинг «ўзбек модели» ёритилмагани кўрсатилган. Ушбу қарор мутахассислар ҳамжамиятида танқидга учради.

Аммо Ўзбекистон олийгоҳларида сиёсатшуносларни тайёрлаш расмий буйруқ чиқмасдан икки йил олдин тўхтатилган эди. 2013 йили сиёсатшунос Фарҳод Толипов бир парадоксни таъкидлаб, «сиёсатшуносларни тайёрламай қўйишган бўлсада, сиёсатшунослик баъзи бир олийгоҳларда гуманитар фанлар қаторида мажбуран ўргатилмоқда», деган эди.

Кўзбўямачилик

Дарина Солод. Фото: Facebook

«Ўзбекистонда журналистларни тайёрлаш сифати паст даражада, ва янги олийгоҳ очган билан бу муаммони ечиб бўлмайди, – дейди Hook.report портали бош муҳаррири, CABAR.asia’нинг таҳлилий журналистика мактаби битирувчиси Дарина Солод. – Одатда кучли кадрлар ушбу касбни мустақил равишда ўрганишади. Улар редакцияларга бориб таҳсил олишади ёки грантлар бўйича чет элга кетишади, шунинг учун янги журналистика университети барпо этилиши мутлақо кераксиз ва ноўрин қарор». Солоднинг фикрича, ҳозирги кунда мавжуд бўлган журналистик кафедра ва факультетларни қолдириб, кадрларни тайёрлаш даражасини ошириш учун Марказий Осиё, Европа ва Россиядан педагогларни чақириш керак.

«Журналистика университетини очишга аслида ҳеч қандай зарурият йўқ эди. Олийгоҳ Ўзбекистонда гўёки энг зўр журналист кадрларни тайёрлаши – бу бор-йўғи хўжакўрсинчилик. Ушбу соҳада пул камлиги сабабли кўплар журналист бўлишга интилмайди», – дея таъкидлайди Солод.

«Ушбу олийгоҳнинг барпо этилиши – бу навбатдаги кўзбўямачилик, мамлакатда нимадир ўзгараяпти, деган таассурот ўйғотишмоқчи. Университет ректори билан шу йил кўплаб хунук ҳолатлар юз берди. Бундай раҳбар бошчилигида мазкур олийгоҳ муносиб журналистлар ва ҳақиқий кучли кадрларни тайёрлашига ишончим комил эмас», – дейди у.

Жанжаллар марказида

Шу йилнинг 12 сентябрида «O’zbekiston 24» телеканалида бир сюжет эфирга чиқди, унда Тошкентнинг 110 ҳамда 50-сонли мактабларида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ташқи кўриниши кескин танқид остига олинди. Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Тармоқ фойдаланувчиларининг кўплари қизларнинг розилигисиз журналистлар улар кийган юбкаларни ошкор муҳокама қилишга ҳақи йўқ, дейишди.

Шерзод Қудратхўжаев Университет очилиш маросимида Фото: uz.sputniknews.ru

Кейинчалик «O’zbekiston 24» канали ушбу сюжетга алоқаси йўқлигини, фақат кўрсатув учун эфир вақти ажратганини билдирди. Материал халқаро пресс-клуб томонидан тайёрланган бўлиб чиқди. Пресс-клуб раҳбари ва шу билан бирга Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори  Шерзод Қудратхўжаевдир.

«Биз болаларни омма олдида камситмадик, балки мактаблардаги реал ҳолатни кўрсатдик. Агар жамият буни бошқача тушунса, демак бу жамиятнинг муаммоси. Болаларнинг юзларини ёпмадик, чунки уларни бу билан таҳқирлашни истамадик. Улар жиноятчи эмас», – дея таъкидлади Қудратхўжаев.

Бир неча кун ўтиб, 16 сентябр куни интернет тармоғида Шерзод Қудратхўжаев кекса рус аёли билан баҳслашгани акс этган видео пайдо бўлди. Тасвирда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори аёлдан ўзбек тилида гапиришни талаб қилади. Аёл журналистга жавобан: «Мен Ўзбекистонда туғулганман, бу ер менинг ҳам ватаним», дейди. Қудратхўжаев унга сенлаб мурожаат қилади ва «Уят-уят», деб бақиради.

«Ўзи билан ўзи рақобат қилолмайди»

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг пайдо бўлиши ва унинг ОАВ кадрларини тайёрлашдаги монополияси мутахассисларда шубҳа уйғотмоқда.

Наргис Қосимова. Фото: Facebook

«Агар қолган икки журналистика факультети талабаларни қабул қилишни бошламаса, янги университет, биринчидан, журналист кадрларни тайёрлаш соҳасида монополияга айланади, иккинчидан, ушбу олийгоҳ илмий йўналишда яратиладиган ўқув ва методик қўлланмалар, дарсликлар, келажакда якуний квалификацион ишлар ва магистрлик диссертациялар учун рецензент ва оппонентлардан маҳрум бўлади», – дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова.

Қосимованинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон миллий университети ва давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетларига биринчи курс талабаларини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда, чунки янги олийгоҳ ўзи билан ўзи рақобат қилолмайди.

Филологик фанлар доктори ва Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Фотима Мўминованинг таъкидлашича, мамлакатда журналистларни тайёрлаш Марказий Осиёнинг қолган республикаларидан фарқ қилади. Ўқув дастурлар, мутахассисликдаги йўналишлар ҳар хиллигини кузатиш мумкин.

«Мисол учун, Қирғизистон ҳудудий жиҳатдан ва аҳоли сони бўйича Ўзбекистондан анча паст ўринда туради, лекин республикада йигирмага яқин журналистика факультетлари ва кафедралари мавжуд. Журналистика ахборот ишлаб чиқариш тармоғи бўлиб, жамиятнинг тараққиёт даражасини кўрсатиб туради. Унинг либерализацияси давлатнинг  демократик ва прогрессивлик даражасини аниқлайди», – дейди Мўминова.

Азамат Тынаев. Фото: Facebook

Бироқ журналист кадрларни тайёрлаш бўйича олийгоҳларнинг сони таълим сифатини кафолатламайди, дея ҳисоблайди қирғизистонлик медиаэксперт Азамат Тинаев. Унинг таъкидлашича, талабалар кўпинча университетда чуқур ва кенг билимлар олишолмаётганидан шикоят қилишади. Ва умуман, қирғиз журналистикаси оғир аҳволда, дейди Тинаев.

Бироқ медиаэкспертнинг таъкидлашича, турли хил журналистик факультетлар, ихтисослашган олийгоҳлар, мактаблар ва хусусий курсларнинг кўплиги рақобат кучайишига олиб келади, чунки олийгоҳдаги беш йиллик таълим ҳам малакали мутахассисни тайёрлаш учун етарли эмас.

«Балки Ўзбекистон ўз мисолида ушбу қарор тўғри эканлигини исботлар, – дейди Тинаев. – Аммо журналистика ҳозирги кунда хилма-хиллиги билан ажралиб турибди, унинг вазифалари, мезонлари ва форматлари турлича. Марказлашган ягона олийгоҳ доирасида буларнинг барчасини қандай қилиб сиғдириш мумкинлигини тушуна олмаяпман. Мен иложи борича турли хил, альтернатив концепциялар бўлиши тарафдориман».


Мазкур материал «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида, Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий ёрдами асосида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар редакциянинг ёки донорнинг позициясини акс эттирмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: