Ўзбекистон расмийлари дунёда диндор фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари мунтазам равишда бузилаётган жой сифатида танилган мамлакатнинг салбий имиджидан халос бўлишга ҳаракат қилмоқдалар.
2019 йилда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни бузадиган давлатлар рўйхатига қайтарган. Ваҳоланки, бир йил олдин, ҳудди шу ташкилот Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришгани учун ушбу рўйхатдан чиқариб ташлаган ва уни «алоҳида назоратга муҳтож давлатлар» рўйхатига киритган эди.
2018 йилгача Ўзбекистон 10 йилдан кўпроқ вақт давомида «алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакат» сифатида қора рўйхатда эди. Бу республиканинг халқаро обрўсига салбий таъсир кўрсатар ва АҚШнинг турли тузилмалари ва компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантиришга халақит берар эди.
Ўша йилнинг бошида БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Кенгаши БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг 2017 йилда Ўзбекистонга ташрифи натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этган эди. Унда таъкидланганидек, ҳукумат фуқароларнинг ўз эътиқодлари ва диний қарашларини мамлакат қонунлари ва халқаро мажбуриятларига зид равишда эмин-эркин ифода қилиш, намойиш этиш ва амалга ошириш ҳуқуқларини чеклашда давом этмоқда деб ҳулоса берилган.
Шу муносабат билан махсус маърузачи Ўзбекистонга мамлакатда диний эркинликлар соҳасидаги вазиятни яхшилашга қаратилган 12 та тавсияларни бажаришни маслахат қилган эди. Хусусан, 1998 йилда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш орқали қонунчилик базасини такомиллаштириш, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини энгиллаштириш, хусусан, таъсисчилар сонини 100 дан 50 кишигача камайтириш.
Шунингдек, диний эркинлик билан боғлиқ жиноий ва маъмурий кодексларга ўзгартиришлар киритиш, «экстремизм» тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга «диний экстремизм», «конститутсияга хилоф фаолият» ёки «ноқонуний диний гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш”да айблаш мумкин бўлган холатларни қайта кўриб чиқиш, ва вояга етмаганларга диний маълумот олиш учун имкониятини берувчи шароитлар яратиш каби тавсиялар ҳам бор эди.
Ҳужжатда, шунингдек, барча тавсияларни амалга ошириш механизмлари, керакли тадбирлар ва ислоҳотларни ўтказиш муддатлари, жараёнга масъул органлар ва кутилаётган натижалар ҳам аниқ қилиб кўрсатилган эди.
Қандай яхши ўзгаришлар амалга ошди
2018 йил май ойида мамлакат парламенти БМТнинг Махсус вакили Аҳмад Шаҳиднинг барча 12 тавсияларининг ҳаракатлар режаси бўйича қўшма резолютсияни маъқуллади. Йил охиригача Ўзбекистон дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилди.
Натижада тавсияларнинг тахминан ярми бажарилди:
– Ўзбекистон ҳукумати диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини ва ҳисобот талабларини соддалаштирди. Хусусан, рўйхатдан ўтиш учун тўловлар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 20 тагача, яъни 18,4 миллиондан 3,6 миллион сўмгача (2200 АҚШ долларидан 440 АҚШ долларигача) камайтирилди ва ўз фаолияти ҳақида ҳисобот топшириш даврийлиги йилига 4 дан 1 мартагача камайтирилди. Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб туриш амалиёти фақат ташкилотнинг ўз хоҳишига кўра ёки суд қарори билан жорий бўлиши белгилаб қуйилди;
– “Иегова гувоҳлари” хабар қилишларича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан уларнинг аъзоларини таъқиб қилиниши икки баравар камайган. Йил давомида улар ҳукумат томонидан «душманона ҳаракатлар» нинг 114 та ҳолатини қайд этишди, 2017 йилда эса 240 та ҳолат қайд этилган эди;
– Президентнинг авф этиш бўйича қарорига кўра, 2018 йилда ҳукумат экстремистик деб баҳолаган ҳаракатларда иштирок этгани учун судланган 185 маҳбус озод қилинди. Бу 2017 йилда озодликка чиқарилганларнинг сонидан 214 кишига камдир. Расмий маълумотларга кўра, озодликдан маҳрум қилиш жойларида 1500 маҳбус террорчилик ва экстремистик фаолиятда иштирок этгани учун жазо ўтамоқда;
– Озод қилинганлар орасида саккиз йилдан кўпроқ қамоқда ўтирган икки мусулмон опа-сингиллар – Зулхумор ва Меҳринисо Ҳамдамовлар ҳам бор. Улар 2009 йилда рухсат этилмаган диний йиғинларни ўтказгани учун ҳибсга олинган эди. Опа-сингилларга Жиноят кодексининг конститутсиявий тузумни ўзгартиришга уриниш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларга сақлаш, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш каби айбловлар қўйилган;
– Президент қарори билан ҳарбий-террористик тайёргарликдан ўтмаган, шунингдек терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган ва терроризмга чорловчи маълумотни тарқатмаган бўлса, тақиқланган ташкилотларда қатнашганликда айбланган фуқаролар учун жиноий жавобгарликдан авф этиш йўли билан озод қилиш тўғрисида ариза бериш тартиби жорий этилди;
– Диний ишлар бўйича маслаҳат кенгаши Дин ишлари бўйича қўмитада (ДИБҚ) ташкил этилган бўлиб, унда мамлакатда рўйхатдан ўтган 16 та диний гуруҳ, шу жумладан «Иегова гувоҳлари» диний эркинлик бўйича қўмитага тавсиялар ишлаб чиқиши мумкин;
– Чирчиқ шаҳрида 8 йил ичида биринчи марта «Дунёга нур» Пресвитериан черкови давлат рўйхатидан ўтказилди;
– “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида” ги қонун қабул қилинди, унда республикада барқарорликни таъминлаш ва экстремистик ва бузғунчи ғояларнинг жамият ҳаётига кириб келишининг олдини олишнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлари кўзда тутилган. Илгари мамлакатда экстремизмга қарши кураш алоҳида қонун билан тартибга солинмаган, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди;
– БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан тақдим этилган «таълим ва диний бағрикенглик» га бағишланган резолютсияни қабул қилди, унда БМТ аъзоларини муросасизлик ва камситишни йўқ қилишга ва диний эътиқод эркинлигини ҳимоя қилишга чақирилган;
– ҳукумат логистик ёрдамни, шу жумладан, чартер рейсларини ташкил қилиш орқали мусулмонларга Ҳаж ва Умра сафарларида қатнашиш учун ёрдам беришда давом этди, аммо зиёратчилар сафарга доир барча харажатларни ўзлари тўлашлари белгиланган ва аксарият ҳолларда ҳукумат фақат 40 ёшдан ошган кишиларга бу сафарларда иштирок этишга рухсат бериш сиёсатини давом эттирди. Йил давомида 18 минг зиёратчининг Умра сафарига бориши таъминланди, бу 2017 йилга нисбатан 8 мингтага кўпдир. Сентябр ойидан бери ҳукумат Умра сафарига боришни истаган мусулмон зиёратчилар сонига нисбатан барча чекловларни буткул олиб ташлади;
– 2018 йил бошида Адлия вазирлиги томонидан Исломни соф ўрганишга бағишланган биринчи олий ўқув юрти – Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси рўйхатдан ўтказилди. Ҳукумат Қуръон ва ҳадисни қироат қилиб ўқиш мусобақаларига ҳомийлик қилди;
– Ҳукумат Ислом университетини молиялаштиришни давом эттирди ва ислом тарихий обидаларини авайлаб асрашни таъминлади;
– Ўрта Осиёда ягона фаолият юритадиган буддистлар ибодатхонаси ва мамлакатда кичик бир буддистлар жамоатчилиги, асосан корейслар, орасида ягона қонуний диний бино бўлган Тошкентдаги Буддистлар Ибодатхонасини бузиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Суди қуйи судларнинг библияга асосланган адабиётлари ва Инжилнинг электрон нусхаларини сақлаганлик учун жарималар тўлаш тўғрисидаги тўртта қарорини бекор қилди;
Рўйҳатдан ўтган насроний гуруҳлардан бири ва Баҳоийлар жамоасининг вакиллари болаларнинг жамоатчилик томонидан уюштирилган диний тадбирларда, жумладан якшанба кунги ваъзҳонликда ва бошқа диний маросимларда ота-оналарнинг рухсати билан қатнашиш имконига эга бўлганликлари ҳақида хабар беришди. Гувоҳлар бу иккала ибодатхонада кўп сонли болалар борлиги тўғрисида хабар беришда давом этдилар;
– Диний ишлар бўйича қўмита томонидан текширилгандан ва келишиб олингандан сўнг, диний адабиётларни нашр этиш, импорт қилиш ва тарқатиш қуйидаги гуруҳларга тақдим этилиши давом этти: Ўзбекистон Библия Жамияти, Мусулмонлар Идораси, Тошкент Ислом Университети, Тошкент Ислом Институти, Рус Православ Черковининг ваколатхоналари, Тўлиқ Инжил черкови, Баптист ва Католик черковларга.
USCIRF ҳисоботи
Америка Қўшма Штатларининг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) ҳар йили дунё бўйлаб фуқароларнинг диний ҳуқуқларига риоя этилиши тўғрисида ҳисобот эълон қилади ва Президент, Давлат котиби ва Конгрессга тавсиялар беради. Унинг 2018 йилги ҳисоботига кўра, 32,6 миллион аҳоли яшайдиган Ўзбекистонда, қарийб 93 фоиз аҳоли ўзларини мусулмонлар деб ҳисоблашади, тўрт фоизи – православлар, уч фоизи – кичик диний жамоалар (жумладан, Баҳоийлар, Буддистлар, Харе Кришналар, Иегова гувоҳлари, Иудаистлар) , Протестантлар ва католиклар ва бошқалар).
USCIRFнинг 2018 йил учун Ўзбекистон тўғрисидаги ҳисоботининг тўлиқ версияси билан танишиб чиқинг.
Мамлакатда олти хил конфессияларни ифодаловчи 2260 та диний ташкилот мавжуд. Мусулмон диний гуруҳлари 2052 масжидни бошқаради, тўрт масжид «шиа» мазҳабига тегишли деб белгиланган, 15 тадқиқот маркази ва 12 та таълим муассасаси мавжуд. 2018 йилда яна 13 та янги масжид очилди.
177 мусулмон бўлмаган диний гуруҳларга 36 та православ черкови, 5 та католик черкови, 50 Пятик черкови, 22 Баптист черкови, 9 Эттинчи кун Адвентист черкови, 3 та Янги Апостол черкови, 2 Лютеран черкови, 1 Иегова гувоҳлари черкови, 1 Худо овозининг черкови, 27 Кореянинг протестант черковлари, 2 арман черкови, 8 яҳудий жамоалари, 6 Бахаи жамоасининг маркази, 1 Харе Кришна жамоаси ва 1 та Буддист ибодатхонаси. Рўйхатга олинган Ўзбекистон Инжил Жамияти ҳам мавжуд.
Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондаги диний фаолиятни назорат қилиш ҳукумат амалдорларидан диний экстремизм ва терроризмга қарши курашни талаб қиладиган хавфсизлик нуқтаи назарларига асосланган. Шу сабабли, мамлакат Конститутсияси фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинлигини кафолатлаганига қарамай, у айни пайтда «миллий хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини ёки жамиятнинг ахлоқий тамойилларини таъминлаш зарур бўлганда» фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинлигини чеклаши мумкинлиги белгилаб қуйилган.
Ўзбекистонда миллий хавфсизликка нафақат экстремизм, балки миссионерлик фаолияти ва прозелитизм таҳдиди ҳам киради, бу қонун билан тақиқланган ва 3 йилгача қамоқ билан жазоланади. Мусулмонлар ва христиан жамоалари (протестантлар, Иегова гувоҳлари ва баптистлар) кўпинча диний фаолиятларига нисбатан чекловлар ва фаолиятларини давлат томонидан тўла назоратга олишга доир ҳаракатларга дуч келадилар.
Мамлакат Жиноят кодексида «ноқонуний» гуруҳлар ўртасида аниқ фарқ бор, яъни, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган ва «тақиқланган» гурухлар, буларнинг иккинчи тури экстремистик деб ҳисобланади. Террорчи гуруҳлар сифатида тақиқланган ташкилотларга аъзолик жиноят ҳисобланади. Жиноят кодексида диний экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни ташкил этганлик ёки уларнинг фаолиятида иштирок этганлик учун 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
Ҳар қандай қонун бузилиши 1998 йилги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга, шунингдек маъмурий ва жиноий кодексларга мувофиқ жарималар, ҳибсга олиш ва қамоқ билан жазоланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда диний экстремизмга оид айбловлар кўпинча асоссиздир. Масалан, 2018 йил феврал ойида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддаси 1-қисми “Жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш қилиш” га биноан экстремизмда айбланган маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Мусажон Бобожоновга қарши суд жараёни бошланди. Милитсия Бобожоновнинг компютеридан «экстремистик» материалларни топганини иддао қилди.
«Озодлик» радиосига берган интервюсида, Бобожонов ушбу материаллар унинг «радикал адабиётнинг Исломга салбий таъсирини ўрганиш бўйича тадқиқот олиб бориши» учун мўлжалланганлигини ва у илгари ушбу мавзу бўйича бир қатор китобларни нашр этганини тушунтирди. Март ойида у «жамоат тартибига ва хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни яратиш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» каби айбловларда айбли деб топилди ва уч йиллик шартли жазо белгиланди.
Йил охирида АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Кенгашининг тавсияларини бажаришда Ўзбекистоннинг ютуқлари ва камчиликларини тавсифловчи йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Ташкилот ижобий ўзгаришларга қарамай, 2018 йилда диний эркинликлар, шу жумладан мусулмонларга нисбатан, қўпол равишда ҳуқуқларни бузилишлари давом этганини таъкидлади.
Ҳисоботга кўра, ҳукумат 16 мингга яқин кишиларни диний экстремизмда гумон қилинганларнинг «қора рўйхати»дан ўчирди ва расмий маълумотларга кўра 584 киши қамоқхоналардан озод қилинди, аммо 2017 йил охирига қадар минглаб одамлар диний экстремизм ёки тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айбланиб ҳибсхоналарда қолишни давом этган.
Турли маълумотларга кўра, уларнинг умумий сони 1,5 дан 7 минггача. Инсон ҳуқуқлари гуруҳларидан олинган маълумотларга кўра, уларнинг аксарияти деярли 20 йилдан бери панжара ортида.
«Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида озод қилинган маҳбусларнинг бирортаси ҳам жамиятга тўла реинтеграция қилиниши учун реабилитатсия қилинмади, ҳукумат собиқ маҳкумларга адолат излашлари ва яҳши номларини тиклашлари учун ёрдам бермади», деб ҳисоботда қайд этилган.
Экстремизмга қарши кураш баҳонасида ҳукумат диндорларнинг ташқи кўринишини тартибга солишга уринади. Бу, айниқса, ҳижоб кийган аёллар ва соқолли эркакларга доир.
Ҳисоботга кўра, 2018 йилнинг кузида Халқ таълими вазирлиги барча давлат ва хусусий мактаблардаги ўқувчилар учун сочлар ва кийимларнинг узунлигини, форма ва поябзал турларини тартибга солувчи қоидаларни эълон қилди. Шундай қилиб, расмийлар ҳар қандай диний рамзий белгиларни, масалан, ермолкалар ва хочларга тақиб қўйишни аниқ-тиниқ қилиб белгилади.
Сентябр ойида, яқинда очилган Халқаро Ислом академияси биносига кириш учун ҳижобни ечишга мажбур бўлган талаба қизлар ҳақида хабарлар тарқади. Академия ходимлари ўқувчи қизларга босим ўтказишган, қизларнинг аксарияти уларни ўтказиб юборишлари ва бинога кириб олишлари учун парик кийишга ва бўйинларига шарф боғлашга мажбур бўлишган. Камида тўрт талаба қиз ҳижобини эчишдан бош тортгани учун академиядан ўқишдан хайдаб юборилган.
Сентабр ойида Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси Тошкентдаги Омина масжидининг имом ҳатиби Фазлиддин Парпиевни ишдан бўшатди, Парпиев келишилган ваъз матнидан ташқарига чиқиб президентга кўпроқ диний эркинликлар берилишини, жумладан аёлларга ҳижоб кийиб юриш ва эркакларга соқол ўстириб юришни тақиқлашни бекор қилишни сўраган ҳолда видео-мурожат йўллаган. Жума ваъзида Парпиев, шунингдек, ёшларнинг масжид ва диний муассасаларга бориши ҳуқуқи ҳақида ҳам гапирган.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, август ва сентябр ойларида ички ишлар вазирлиги ходимлари ва давлат хавфсизлик хизмати мамлакатнинг беш вилоятида тўққиз блоггерни ҳибсга олган. Блоггерлар мусулмонларнинг ташқи кўриниши ва болаларнинг масжидда намоз ўқиш ҳуқуқига оид турли диний масалаларни муҳокама қилга бўлишган. Судлар уларни жаримага тортган ва икки ҳафтагача қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Ўзбекистон расмийлари доимий равишда диний ақидаларни шаҳсий тартибда ўқитиш ҳолатларини аниқлаб ва уларга чек қўядилар. Қонунга мувофиқ, диний таълим фақат расмий ваколатли диний таълим муассасаларида ва фақат давлат томонидан тасдиқланган ўқитувчилар томонидан олиб борилиши мумкин.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, биринчи ярим йилликда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 116 ноқонуний исломий таълим муассасалари (хужралар) аниқланган, 2017 йилда эса шундай 33 хужра аниқланган эди. Маъмурлар барча муассасаларга рейд уюштирганлар ва уларни ёпганлар, диний таълим масканларини ташкил қилган шаҳслар эса «ноқонуний диний таълим ташкил қилганлари» учун жаримага тортилганлар.
Шунингдек, мамлакат қонунчилигига биноан, 16 ёшгача бўлган болалар учун диний тадбирлар ва маросимларни ўтказиш учун, агар ота-онадан рухсат бўлмаса, давлатдан рухсат талаб қилинади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Шухрат Ғаниевнинг сўзларига кўра, Бухоро шаҳридаги ички ишлар идоралари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари жума намози пайтида масжидга келганларни очиқчасига кузатиб туришади. Ганиевнинг сўзларига кўра, ҳукумат вакиллари 18 ёшгача бўлган ёшлар ва ўғил болаларга алоҳида эътибор қаратишади. Ганиевнинг сўзларига кўра, 18 ёшгача ёшлар аниқлангандан сўнг, милитсия ходимлари уларнинг ота-оналаридан болаларнинг масжидга боришини тақиқлашни талаб қилиб, уйларига келишган.
Христианларни дискриминатсия қилиш. 1998 йилги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун” диний ташкилотлардан давлат органларида рўйхатдан ўтишни ва рўйхатдан ўтмаган барча диний фаолиятни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилади.
Масалан, ноқонуний диний гуруҳни ташкил этиш ёки унда иштирок этиш жиноят ҳисобланади, унга кўра 5 йилгача қамоқ ёки 4-8 миллион сўм (480-960 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланади. Қонун, шунингдек, бошқаларни ноқонуний диний ташкилотга аъзо бўлишига тарғиб этишни тақиқлайди ва 3 йилгача қамоқ билан жазолайди.
Протестантлар ва Иегова гувоҳлари сингари Ўзбекистондаги кичик христиан диний гуруҳлар кўпинча ноқонуний ҳисобланади. Мамлакатда фақат бир нечта ташкилотлар ишлайди. Уларнинг вакилларига кўра, 2018 йилда қабул қилинган йнгилликларга қарамай: ташкилотнинг рўйхатдан ўтиш бадалини ва таъсисчилар сонини камайтиришга қарамай, кўплаб рўйхатдан ўтиш талабларини бажариш ҳали ҳам қийин.
Рўйҳатдан ўта олмаган ташкилотлар кўпинча расмийлар томонидан таъқибга олиб келади. 2018 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳларнинг йиғилишларига рейдлар ўтказиш, тинтув ўтказиш, тақиқланган диний адабиётларни мусодара қилиш ва судлар маҳбусларни жарима ва қамоқ жазосига маҳкум этишда давом этишди, аммо биринчи марта баъзи судлар хукмлари юқори судлар томонидан бекор қилинди.
Рўйхатдан ўтмаган эвангелик баптистлар жамоасига кўра, август ойида Наманган вилояти Чуст шаҳар суди пастор ва унинг ёрдамчисини «ноқонуний диний фаолият» учун 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилган. Йил бошида Навоий шаҳрида милитсионерлар баптистнинг саккиз ёшли ўғлини ота-онаси хабарисиз улар йўқлигида сўроқ қилиш учун мактабдан олиб кетишган.
Диний гуруҳларга сензурадан ўтмаган диний адабиётларга эгалик қилиш тақиқланади. Диний материалларни ноқонуний ишлаб чиқариш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш, жисмоний шаҳсларга нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 дан 100 бараваригача – 3,6 миллиондан 18,4 миллион сўмгача (440 дан 2200 АҚШ доллари) жарима билан жазоланади.
8 феврал куни Иегова гувоҳлари аъзолари, турмуш ўртоқлар Эвгений ва Надежда Купуевалар Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги диний адабиётни тарқатишгани учун автобус бекатида политсия ходимлари томонидан ушланган. Уларга нисбатан «диний материалларни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган ва суд қарори билан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари – 1,8 миллион сўм (220 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган.
ННТ ва фаоллар хабар беришича, мусулмон кўпчилик ўз диндорларини бошқа динларга ўтишини кескин танқид қилишади, шунинг учун анъанавий равишда ислом динини қабул қилган ўзбеклар насронийликка кирганда камситилиб, таъқиб қилинади.
Феврал ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Иегова гувоҳларига аъзо бўлган Ирода Разиковнанинг уйини тинтув қилиб ва ўзини сўроқ қилдилар, шунда улар ундан нима сабабдан Ислом динини тарк этгани тўғрисида ёзма изоҳ талаб қилдилар. Шунингдек, феврал ойида, Иегова гувоҳлари вакилларининг сўзларига кўра, бир ота қизини Чирчиқдаги Иегова шоҳидларининг йиғилиш залида диний йиғилишдан олиб чиқиб кетган. Уларнинг сўзларига кўра, ота қизини уйга қайтишини ва яна исломни қабул қилишини талаб қилиб, қизни калтаклаган.
Миссионерлик гуруҳлари, шу жумладан эвангелист христианлар, баптистлар ва элликчилар байрами, Иегова гувоҳлари жамоаларига кўра, уларга нисбатан жамоатчилик орасида салбий муносабат давом этмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, қўшнилар доимий равишда ички ишлар органларига бу ташкилотга аъзоларнинг фаолиятлари ҳақида шикоятлари билан мурожаат қилишади.
Шундай қилиб, кичик христиан жамоаларнинг диний эркинликлари ва диний эътиқодларига риоя қилиш чегараси ҳар доим миссионерлик ва прозелитизм фаолиятини тақиқлашдан келиб чиқади.
Шу сабабли, турли жойларда ва даражаларда АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматидан диний гуруҳлар аъзоларига миссионерлик фаолиятини олиб боришга рухсат бериш учун дин тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш киритишни талаб қилмоқдалар; гуруҳни рўйхатдан ўтказиш талабларини юмшатиш; босма ва электрон шаклда диний адабиётларни олиб кириш ва ундан фойдаланиш чекловларини бекор қилиш; дин ҳақидаги жамоатчилик муҳокамаларининг хавфсизлигини таъминлаш.
«Мамлакатнинг янги дин сиёсати халқаро стандартлар ва шартномаларни тўла-тўкис тан олади, аммо уларга кўра «диний ҳуқуқлар давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби ва фуқароларнинг ахлоқий меъёрларига нисбатан мутлақ эмас (…) «, деди 2018 йил 25 июль санасида Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов Вашингтондаги Миллий Пресс-клубда Ўзбекистондаги диний соҳадаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан.
Янги қонунчиликка биноан, БМТнинг 12 та тавсиясини амалга ошириш доирасида, Ўзбекистонда миссионерлик ва прозелитизм тақиқланиши давом этади.
«Бундай тадбирлар жамиятда диний ҳамжиҳатликка таҳдид солади ва мамлакатдаги турли динлар ўртасидаги адоватни қўзғатади ва келишмовчиликларга олиб келади», дейди Давлетов.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Вахобов Вашингтонда декабр ойида бўлиб ўтган тадбирда, мамлакатнинг диний қонунчилигини амалга оширишда, айниқса минтақавий ва маҳаллий миқёсда баъзи қийинчиликлар мавжудлигини, аммо улар бир нечта нохуш ҳолатлар билан чекланишини ва тизимли эмаслигини таъкидлади.
Вахобов, шунингдек, Ўзбекистон рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотларга қарши рейдларни тўхтатишга, рўйхатдан ўтиш жараёнини соддалаштиришга қарор қилди деб хабар берди.
«Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш борасида деярли ҳеч қандай муаммо ёъқ», – деди Тошкентдаги Билим Карвони («Билимлар карвони») нодавлат илмий ўқув муассасаси директори, сиёсатшунос Фарҳод Толипов Cabar.asia нашрига. – Виждон эркинлиги қонун ва Конститутсия билан кафолатланган. Мамлакатда деярли барча йирик динлар фаолият кўрсатмоқда.
“Бундан ташқари, маҳкумларни реабилитатсия қилиш бўйича жиддий ишлар олиб борилмоқда. Фуқаролар ва диндорлар учун яхши сигнал бу Сурияга кетган жангари оилалар аъзоларининг ўз ватанларига қайтариб олиб келинишидир”, – дея қўшимча қилди у.
Cabar.asia сайтининг Ўзбекистондаги экстремизмга қарши кураш сиёсатига бағишланган мақоласида Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори Виктор Михайловнинг таъкидлашича, «сўнгги йилларда Ўзбекистонда кузатилган либераллаштириш жараёнлари жамиятнинг маънавий ҳаётига ҳам таъсир кўрсатди».
“2017-2018 йиллар давомида радикал эктремист ташкилотлар (РЕТ) билан алоқада бўлганликда гумон қилинган 20 мингдан ортиқ фуқаролар рўйхатдан чиқарилди. Кўпгина оммавий ахборот воситаларида бундай фуқароларнинг рўйхатлари “қора” деб номланади. Ўтган йил охирида, мамлакат омбудсмани Саидбек Азимов “бизда энди қора рўйхат йўқ” деб баёнот берди. Унинг таъкидлашича “ҳар бир инсон фикр эркинлиги ҳуқуқига эгадир». Либераллаштириш жараёни, шунингдек, тақиқланган РЕТда иштирок этганликда айбланган ва ҳибсда сақлаш жойларида бўлганларга ҳам бевосита таъсир кўрсатди. Фақатгина 2018 йилнинг ўзида 646 киши – тақиқланган РЕТ фаолиятида иштирок этганликда айбланганлар, ўз оилаларига қайтди. “Кўпчилик тақиқланган РЕТларда иштирок этганликда айбланган маҳбуслар сақланадиган оғир ва қийин шароитлари билан танилган «Жаслиқ» колонияси тугатилганини ҳам айтиб ўтиш керак «, деди Ўзбекистон омбудсмени.
Экспертнинг таъкидлашича, «сўнгги йилларда радикал ғоялар таъсири остида бўлган шахсларга жазо тайинлашда суд қарорларини (аввалгидан кўра) инсонпарваррроқ бўляти”. Агар 2016 йилгача судланувчиларнинг РЕТдаги иштироки билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича судялар узоқ муддатли қамоқ жазоларини (5 йилдан 15 йилгача) тайинлаган бўлса, энди судлар шартли жазо ёки 5 йилгача қамоқ билан чекланяптилар. Ноқонуний РЕТларда қатнашган жиноий ишларда иштирок этган шахсларнинг Маҳалла қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотларининг кафиллиги билан суд залидан озод қилинганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.
“Сўнгги икки йил ичида биз масжидларга, масалан, жума намозларига борадиганлар сони сезиларли даражада ошганини кўрдик. Табиийки, жамиятда маънавий ҳаётга интилиш бу табиий ҳодиса, чунки Худога бўлган самимий иймон уни кўпгина номақбул хатти-ҳаракатлардан огоҳлантиради ”, – дея қўшимча қилди Виктор Михайлов.
Ҳуқуқ ҳимоячилари: диндорлар ҳуқуқларининг бузилиши давом этмоқда
Бироқ, 2018 йил охирида, АҚШ Давлат департаменти йиллик рейтингида Ўзбекистонни «алоҳида ташвишга соладиган давлатлар» рўйхатига қайтарди.
“Мен туб ўзгаришларни кўрмаяпман. 2012 йилда Швецияда суиқасд қилинган Обидхон қори Назаров Ўзбекистон янги ҳукуматининг «қора рўйхатига» киритилган», деди Надежда Атаева, инсон ҳуқуқлари фаоли, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассотсиацияси” президенти.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, унинг Уюшмаси кузатувлари таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакилларига махсус хизматларнинг босимисиз ўз мақомларини қонунийлаштириш ва эркин фикр билдиришга имкон берадиган тизимли ўзгаришлар йўқ. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар деб эълон қилган барча жараёнлар, аслида, маҳсус тайёрланган ёндашувнинг борлигига ишора ҳолос ва бу ижобий ҳолатлар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини илгари суришда ишлатиладиган пропагандадан бошқа нарса эмас.
“Маҳкумлар ҳанузгача диний сабабларга кўра, масалан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилгани учун жамиятдан ажратилган ҳолда озодликдан маҳрум этиш жойларида қолмоқда. Ушбу амалиёт давом этмоқда. Ҳозиргача улар бирон бир соқолли одамни экстремизм билан асоссиз равишда айблашлари ва расмий асослар топиб ҳудди жиддий жинояти содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортишлари мумкин. Ўзбекистон масжидларга борадиган мусулмонлар рўйхатини тузиш амалиётидан воз кечгани ҳам йўқ ҳали », – дейди Атаева.
Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 244-моддаси 2-қисми (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш, тузиш, раҳбарлик қилиш) бўйича жами саккиз йиллик қамоқ муддатини Ўзбекистон хибсхоналарида ўтказган фуқаролик фаоли Алишер Убайдуллаев ҳам худди шундай позицияга эга.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида «диний моддалар» билан айбланган минглаб фуқаролар сабабсиз ўтиришибди. Шу билан бирга, бундай маҳбусларнинг иши кўриб чиқилмаяпти.
Бундан ташқари, шу йилнинг март ойида «Езгулик» нодавлат нотижорат ташкилотининг вилоятлардаги вакили Мусажон Бобожонов 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Уни ноқонуний никоҳ маросимини ўтказишда айблашди. Унинг ҳамкасби Абдураҳмон Ташановнинг сўзларига кўра, Бобожоновнинг таъқиб қилиниши у икки йил олдин уни судга бермоқчи бўлганларни жавобгарликка тортмоқчи бўлганидан кейин бошланган.
Убайдуллаевнинг таъкидлашича, маъмурлар диний таълим соҳасини назорат қилишни давом эттиряптилар, ҳижобдаги аёллар ва соқолли эркакларга нисбатан камситишлар давм этаяпти.
«Ўтган йили (2018 йилда) Тошкентдаги “Малика” маиший техника бозорида милиция ходимлари 20 га яқин кишини ҳибсга олиб, уларни милитсия бўлимга олиб боришди ва соқолларини олиб ташламагунларича чиқаришмади. Бундай нохуш ҳодисалар бошқа жойларда ҳам бўлган, аммо оммавий ахборот воситаларида бу воқеа ҳақида хабар берилганидан сўнг, ушбу амалиёт ҳанузгача бошқа такрорланманди», – дейди Алишер Убайдуллаев Cabar.asia нашрига.
Унинг фикрича, ҳокимиятнинг диндорларга нисбатан бундай муносабати аҳолининг радикаллашишига ёрдам беради ҳолос.
“Одамлар, асосан ёшлар диний билимларни бошқа манбалардан, масалан, Интернетдан излай бошлашлари ва экстремистлар таъсири остида қолишлари мумкин. Охир оқибат, ҳар қандай тақиқ экстремизмга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл очиши мимкин”, дея қўшимча қилди у.
Келажакда диндор фуқароларни нима кутмоқда?
АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссиясининг рейтингида 2020 йилда Ўзбекистон «алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар» қора рўйхатига кирадими ёки «алоҳида кузатувни талаб қиладиган мамлакат» га кўтарила оладими, бу номаълум, чунки бу кўпгина ички ва ташқи омиллар ва ҳолатларга боғлиқ.
Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасини, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини либераллаштириш сиёсатини давом эттириши мумкин. Аммо, яқин келажакда мамлакат расмийларидан бу соҳада тезкор ва туб ислоҳотларни кутмаса ҳам бўлади.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, баъзи ривожланган демократик давлатлар ҳукуматлари ва БМТ экспертлари ўзгаришларни талаб қилар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат фуқароларининг диний ҳуқуқлари ва эркинликларини либераллаштиришга рози бўлган тақдирда, бу қадамнинг ички ва ташқи хавф-хатарларини синчковлик билан баҳолайди.
Яна бир муҳим омил – Афғонистонда жангариларнинг ва унинг ҳудудида жойлашган «Исломий давлат»(Ўзбекистонда ва дунёнинг бошқа бир қатор давлатларида тақиқланган) террорчилик гуруҳининг чақириқлари – бу омил Ўзбекистон раҳбарини хавфсизлик нуқтаи назаридан қарор қабул қилишга ва ҳаракат қилишга мажбур қилади.
Таниқли россиялик исломшунос олим ва Марказий Осиё бўйича эксперт Алексей Малашенко Cabar.asia нашрига берган интервюсида, Ўзбекистондаги диний ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилиш соҳасида «вазият ўзгармайди, режим бироз юмшаган бўлса ҳам, авторитар бўлиб қолмоқда» деб таъкидлайди у.
“Бир томондан,“ радикал ислом” деб аталувчи воқеликга нисбатан муносабат тобора босиқроқ (мўтадилроқ) бўлиб қолди. Мирзиёев Каримовга нисбатан раҳмдилроқ. Шу билан бирга, «исломий диссидентлар» ҳам ўзларини ҳадеб намоён қилишавермаяпти. Ва улар расмийларга катта хавф туғдирмай қуйган”, – дейди Малашенко. – Бошқа томондан, «исломий диссидентизм» мавжуд эди ва шундай ҳам бўлади ва ҳукумат унга қарши курашади. Маҳаллий мухолифат томонидан таҳдидлар борлиги ҳақида маҳаллий куч ишлатар орган вакиллари гапиришмоқда. Давлат ва президент учун асосий нарса бу динни назорат қилиш, ўзгача фикрлар намойишини кузатиб боришдир».
Бундан ташқари, Ўзбекистонни Арманистон, Белорусия, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган Эвросиё иқтисодий иттифоқига жалб қилишга умид қилаётган Москванинг босими Тошкентнинг сиёсатига маълум даражада таъсир қилади. Бу Россиянинг Ўрта Осиёда этакчи ролини сақлаб қолишга ёрдам беради. Аммо Москва Ғарб қадриятларининг Ўзбекистонда ривожланиши ва Тошкентнинг Вашингтон билан яқинлашувидан манфаатдор эмас.
Марказий Осиёдаги энг ахолиси кўп давлат рахбари бири сифатида Мирзиёев Ғарб сармояларига жуда қизиқади ва шунинг учун имтиёз беришга ва либерал ва ислоҳотчи имиджини сақлашга ҳаракат қилади. Аммо охиригача эмас. Шу сабабли, деспотик деб баҳоланаётган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрига кўра, 1998 йилда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонун юмшатилади, лекин бу юмшатишлар муаммонинг моҳиятини ўзгартира олмайди. Бу шуни англатадики, диндорлар давлат томонидан камситиш ва босимларга дучор бўлаверадилар.
«Ишончим комилки, Каримов давридаги каби энди бўлмайди», – дея ҳисоблайди Алишер Убайдуллаев. – Диний эркинлик масалаларида яхшиланишлар бўлади, аммо туб ислохотлар бўлмайди. Бундай бўлишлари учун, аввало вақт ва кучли сиёсий ирода талаб этилади […]. Халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилотлар кўмаги ва фуқаролик жамиятини жонлантириш ҳам зарурдир, шунда умид қиламанки, кўплаб муаммоли масалалар ҳал бўлади.
Мазкур мақола IWPR ташкилотининг «Марказий Осиёда очиқ диалог орқали барқарорлик» лойиҳаси доирасида тайёрланди