© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистонликларни мактабларда бўлаётган зўравонликлар ташвишлантирмоқда

Ўрта мактабларда руҳшунослар пайдо бўлади, лекин болалар билан боғлиқ бўлган ушбу мураккаб муаммонинг ечимига улар таъсир кўрсата олишадими?


Подпишитесь на наш канал в Telegram!


Шу йилнинг феврал ойида 17 ёшли коллеж талабаси Нигина ва унинг шериги Ҳожиакбар ўзларининг курсдоши бўлган бир қизни калтаклаб, бу жараённи видеога олишган. Ушбу ролик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва Ўзбекистон жамоатчилиги орасида катта резонанс уйғотди. Ўсмирларнинг шафқатсиз бўлиб кетаётгани ҳамда мамлакатнинг техник ва олий ўқув муассасаларида рўй бераётган зўравонликлар яна бир бор муҳокама марказида бўлди.

Тошкент шаҳрининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан дарҳол маъмурий иш қўзғатилди, бироқ суд қарорни октябр ойида чиқарди. Нигина Ўзбекистон республикаси маъмуий кодексининг 183 (Кичик безорилик) ва 194 (Орган ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 608 минг сўм (74 АҚШ доллари) жаримага тортилди. Жараённи тасвирга олган Ҳожиакбарнинг ҳаракатлари унинг ўқиш жойида ва у яшайдиган маҳаллада муҳокама қилинган.

Ўзбекистонда ўқувчилар орасидаги зўравонлик муаммоси Тошкент тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимидан сўнг очиқ муҳокама қилина бошланди. Жасурбек курсдошлари томонидан шафқатсизларча калтакланиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган эди. Ушбу воқеа ҳукуматни мактабларда зўравонлик мавжудлигини тан олишга мажбур қилди. Тиббиёт коллежи ёпилди, Жасурбек иши бўйича суд бўлиб ўтди, уни калтаклаган талаба олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бироқ, муаммо шу билан ечимини топмади.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, зўравонлик бўйича ишлар, олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, кўриб чиқилмоқда, айбдорлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Бироқ ушбу муаммонинг ечимига қаратилган аниқ ҳаракатлар кўзга ташланмаяпти.

Photo: Asia-Plus

Сентябр ойининг охирларида муҳокамалар порталида «Маиший зўравонликни олдини олиш ҳақидаги» қонун лойиҳаси очиқ музокарага қўйилди. Ҳужжатда мазкур муаммони ечиш бўйича маълум қадамлар назарда тутилган.

«Мазкур лойиҳа мамлакатимиз учун катта қадам ва бу нарса тараққий этиши лозим, – дейди бошланғич синфлар ўқитувчиси Рано Макаренко. – Ҳужжатда Халқ таълими ва Олий таълим вазирликларига психологлар ва педагогларнинг малакасини ошириш курсларига «Суицидология асослари» фанини киритиш бўйича кўрсатма берилган. Аммо педагогик кадрлар учун конфликтли ҳолатларни енгиш модулига эга бўлиш муҳим, ва шунинг учун «Конфликтология асослари»ни киритилиши мақсадга мувофиқ бўларди».

Эҳтиёткорлик чоралари

«Жабрланувчи», «жафокор» ва «кузатувчилар» – ушбу иштирокчиларнинг барчаси тажовузкорликнинг оқибатларига дуч келади. Кимдир ўзига бўлган ишончини йўқотади, кимдир бошқаларнинг ҳис-туйғуларига бефарқ бўлиб қолади, яна кимдир қўрқадиган бўлиб қолади. Лекин, афсуски, одамларнинг кўплари ўзини қурбон қилишни хоҳламайди, баъзилар эса бу вазиятга бефарқ қарайди. Ҳатто баъзи ота-оналар ва ўқитувчилар ҳам зўравонликларга кўз юмишади.

Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия ҳамда Беларусда буллинг билан курашиш усуллари мавжуд. Ушбу мамлакатларда таълим олиш муҳитида зўравонликларга қарши курашиш модуллари ишлаб чиқилган, шунингдек ўқитувчилар учун ҳам методик қўлланмалар мавжуд. Ушбу қўлланмаларда мактабда камералар, шиша ойналар, қўриқчилар бўлиши кўрсатиб қўйилган, ранжитган томонга нисбатан эса қатъий қоидалар белгиланган. Шунингдек, зўравонлик ёки муштлашиш юз берган ҳолатларда мактаб ишчилари (нафақат ўқитувчилар) қай тарзда ҳаракат қилишлари ҳақида ёзилган.

Рано Макаренко. Photo: Facebook

«АҚШ ва Европа мактабларида махсус қўлланмалар мавжуд. Ушбу қўлланмаларда мактаб ходимлари, ўқувчилар ва ота-оналар зўравонлик билан боғлиқ бўлган ҳолатларда қай тарзда ҳаракат қилишлари ҳақида ёзиб қўйилган. Болалар зўравонликка учраса, қаерга мурожаат қилишларини билишади. Ҳар бир мактабда медиатор бўлиши керак. Медиатор – бу конфликтология масалалари бўйича кенг билимга эга бўлган ижтимоий ходим ёки педагог-психолог. Ушбу ходим ўқувчилар орасида медиаторлар гуруҳини шакллантириш, зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва можароларнинг  ечимини топиш билан шуғулланади», – дейди Рано Макаренко.

Макаренконинг фикрига кўра, ўқитувчилар ўқувчиларга зўравонлик синфда ноқулай муҳит яратишини, унумли билим олишга тўсқинлик қилишини тушунтиришлари лозим. Мактабларда болалар бир бирлари билан юзага келган низоли вазиятларни ўзаро муҳокама қилишлари ва мулоқот ўрнатишлари учун махсус дарслик киритилиши керак, деб ҳисоблайди Рано.

«Исроил мактабларида ўқитувчи ўқувчининг ота-онасига қўнғироқ қилиб, уларнинг фарзанди қанча кўп жилмайиши, руҳий ҳолати ҳақида хабар бериб туради. Ўқитувчи боланинг кайфияти ўзгарганини ҳис этиши ва унинг ота-онаси билан биргаликда бунинг сабабини топиши керак. Афсуски, бизда ўқитувчилар таъқибга учраган ўқувчиларни назардан четда қолдиришлари мумкин, чунки кўп синфларда болалар сони қирқдан зиёд. Педагоглар етишмаслигидан кўплар икки смена бўлиб ишлайди, бундан ташқари улар ҳужжат тўлдиришади, тўгараклар ўтказишади ва бошқа бюрократик талабларни бажаришга ҳаракат қилишади. Ва бунинг учун етарлича маош олишмайди», – дейди Макаренко.

Чақимчилик қилма

Аммо буларнинг барчаси муаммонинг ечимига эмас, вазиятни яхшилашга қаратилган эҳтиёт чораларидир, дейди психолог Лиана Натрошвили. Руҳшуноснинг фикрига кўра, бу борада кенг кўламдаги ўзгаришларни амалга ошириш зарур, чунки бугунги жамият зўравонлик маданияти устида қурилмоқда. Айниқса болаларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинмаяпти.

«Бутун дунёда болага муаммолари ҳақида гапиришига имкон беришади. Бизда эса, ўқитувчилардан бошлаб, то ота-оналаргача, болага ўзингни муаммоингни ўзинг ҳал қил, чақимчилик қилма, дейишади. Зўравонликка учраган болага ҳеч ким ёрдам бермайди, уни таъқиб қилганлар эса жазосиз қолишади. Болалар ёрдам сўраш ва ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканликларини билишлари керак. Катталар милицияга ёки шифокорга мурожаат қилгани каби, болалар ҳам ота-оналарига, ўқитувчиларига ёки бошқа жавобгар шахсларга ўз муаммоларини айтиб беришлари лозим», – дейди психолог.

Photo: twitter.com

Натрошвилининг фикрига кўра, катталар болаларнинг илтимосларига қандай муносабат билдириш ва уларни қандай бажаришни аниқ билишлари керак. Болалар билан шуғулланадиган бошқа шахслар ҳам буллинг билан ишлаш бўйича минимал малакага эга бўлишлари шарт. Бундай дастурлар, мисол учун, Москвада бор. У ерда педагогларга медиаторликни ва конфликтларни бартараф этиш йўлларини ўргатишади. Ушбу дастурни университетлар, мактаблар ва қайта тайёрлаш марказлари даражасида жорий қилиш лозим.

Мутахассисларнинг фикрича, ота-оналар ҳам бундай вазиятларда қандай йўл тутишни билишлари керак. Бунинг учун улар тегишли брошюраларга эга бўлишлари ва профессионаллар маслаҳатини олишлари лозим. Чет давлатларда бу муаммони ҳал этишга ҳатто  катта синф ўқувчиларини ҳам жалб қилишади. Улар ушбу жараённи мониторинг қилиб, зарурият туғилса, буллинг ҳолатини бартараф этишади.

Лиана Натрошвили. Photo: Facebook

Натрошвилининг сўзларига кўра, қонунлар ва қонуности ҳужжатлар устида ишлаш деярли натижа бермайди, энг аввало мутахассисларни тайёрлаш дастурини ўзгартириш керак. Ва шунингдек, жамият, оила ва мактаб даражасида болаларга ҳамма ҳар-хил эканлигини ва буни тўғри қабул қилишни ўргатиш лозим.

«Ўқитувчилар, худди ота-оналар сингари, жавобгар ҳисобланишади. Менинг тажрибамда таъқибга кўпинча айнан ўқитувчилар, тарбиячилар ёки ота-оналар йўл очиб беришади. Ёрдам беришмагани ҳам майли, лекин синфда бир болани танлаб олиб, уни таъқиб қилишни бошлашади, ва шу йўл билан ўзларининг қандайдир қийинчиликларини бартараф этишга уринишади. Жавобгарлик доимо катталарнинг бўйнида, болалар фақатгина биз яратган шароитдан келиб чиқиб ҳаракат қилишади», – дейди Натрошвили хулоса сўнгида.

Дарина Солод – CABAR.asia нашрининг таҳлилий журналистика мактаби битирувчиси


Мазкур материал «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида, Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий ёрдами асосида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар редакциянинг ёки донорнинг позициясини акс эттирмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: