© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистонда диний ташкилотларга нисбатан босим кучаймоқда

Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар ҳақида баён қилганига қарамай, мамлакатда баптистларга қарши рейдлар, баъзи конфессиялар вакилларини таъқиб қилишлар давом этмоқда. Мазкур ҳолатлар мамлакатда фаолият олиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан қайд этилган.  Миссионерликка қарши курашиш ниқоби остида протестантларга нисбатан ҳам босимлар кучаймоқда, деган фикрлар олдинга сурилмоқда.


12 декабр куни АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар чекланадиган давлатлар рўйхатидан ўчириб ташлади. Ушбу муҳим янгиликдан сўнг мамлакатда одамларни диний қарашлари учун таъқиб қилишлар, турли хил конфессиялар вакилларига нисбатан босим ўтказишлар тўхтаган, деб ўйлаш мумкин.

Ҳақиқатан, Ўзбекистон охирги икки йилда турли хил диний оқимларга нисбатан сабрлилик сиёсатини олиб бормоқда. Марҳум президент Ислом Каримов даврида авж олган эътиқодий таъқиблар тўхтагандек бўлиб кўринмоқда.

Бироқ, расмий баёнотларга қарамай, республикада барча дин вакиллари ҳам хотиржам ҳаёт кечиришмаяпти, ва давлат диний эркинликларни доимий равишда таъминлай олмаяпти. Норвегиянинг «Forum 18»  ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда евангел христиан баптистларига қарши мунтазам тарзда рейдлар уюштирилади, давлат эса улардан ўз конфессиясини расман рўйхатдан ўтказишини талаб қилади. Ушбу маълумот «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» уюшмаси аъзолари томонидан ҳам тасдиқланди.

Евангел христиан баптистлари ким ўзи?

Христиан баптистлар, бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам икки тоифага бўлинади. Биринчи гуруҳ расман қайд қилинган конфессия бўлса, иккинчиси онгли равишда рўйхатдан ўтишга қарши чиқади. Бир қарашда улар бир хил эътиқодга амал қиладигандек кўриниши мумкин, аммо икки гуруҳ ўртасида баъзи бир фарқлар мавжуд. Биринчи тоифа вакиллари Исо пайғамбар барча инсонларнинг гуноҳларини ювган, дейишса, иккинчи гуруҳ одамларнинг фақат маълум бир қисми кечирилган, деб ҳисоблайди. Инсон руҳининг нажот топиши масаласида ҳам икки томон ўзларининг мустақил фикрига эга. Ўзаро зиддиятларга қармасдан, ҳар икки гуруҳ ўз сафига янги издошларни жалб қилишда давом этмоқда.

Аммо қандай қилиб бир диний йўналиш очиқчасига фаолият олиб бориб, ҳеч қандай таъқибларга учрамайди, иккинчиси эса доим сиқув остида қолиб келади? Бироз тарихга назар ташлаймиз.

Марказий Осиё ва собиқ СССР мамлакатларидаги баптистлар ўзларининг америкалик диндошларидан фарқ қилишади. Ва улар доимо бир-бирларига қарши бўлишган. Ушбу ҳаракат англикан черковининг реакцион издошлари томонидан тузилган. Баптистлар Германиядан Украина орқали Россияга келишган. Ўтган асрнинг бошларида эса улар Ўзбекистонга Сибирь ва Мордовиядан кўчиб ўтишган.

Photo: mirvam.org

СССР шаклланиши даврида деярли барча динлар қонундан ташқари, деб эълон қилинган ва ҳукумат томонидан қаттиқ таъқиб қилинган. Баптистлар бундай шароитда 1944 йилгача фаолият юритиб келишган. Кейин улар евангелистлар билан бирлашиб, Евангел христиан баптистлар ҳаракатини тузишган. Ушбу мақом билан улар 1965 йилгача фаолият юритиб келишган. Хрушёв даврида мазкур конфессиядан ўз черковини рўйхатдан ўтказган ҳолда фаолият олиб бориш талаб қилинган. Бу эса ҳаракатнинг парчаланишига олиб келган: баптистларнинг бир қисми қўйилган шартга рози бўлиб, расмий мақом олишган, қолганлари бу талабни рад этиб, «мазлум»ларга айланишган.

Ва ҳозирга қадар ушбу икки оқимнинг фарқи фақат расман рўйхатдан ўтиш-ўтмасликка бўлган муносабатда.  Бироқ, лицензия ҳам, расмий мақом ҳам мазкур эътиқод вакилларини ҳар доим ҳам таъқибдан қутқариб қололмайди.

Тинчлик эркинликдан ҳам муҳимроқми?

АҚШ ҳукуматининг 2017 йилги эътиқод эркинлиги ҳақидаги маълумотида қайд этилишича, Ўзбекистон президенти дин билан боғлиқ вазиятни яхши томонга ўзгартиришга қанча ҳаракат қилмасин, расмий ва норасмий диний конфессияларга нисбатан босимлар давом этмоқда. Уларни экстремизмда, диний адабиётни ноқонуний тарқатишда айблашмоқда, баъзиларига рўйхатдан ўтиш учун бажариб бўлмас талаблар қўйилиб, уларга нисбатан турли хил босимлар амалга оширилмоқда. Докладда шундай дейилади:

«Бир қатор давлат идоралари, жумладан Ички ишлар вазирлиги, Давлат  хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жойларда конфискация қилиш тажрибасини давом эттирган, баъзи ҳолларда эса диний адабиёт ва уни тайёрлаш учун фойдаланилган жихозлар йўқ қилинган».

Хавфсизлик нуқати-назаридан исми сир қолишини сўраган ҳуқуқшуноснинг таъкилашича, мамлакатда дин билан боғлиқ вазият бироз мураккаб. Бир қарашда, Конституциянинг 31 моддаси республика фуқароларига эътиқод эркинлигини кафолатлайди:

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
Яъни расман Конституция бузилмаяпти, чунки ҳамма ўз динига эътиқод қилаяпти, худога ишонишни ҳеч кимга таъқиқлашмаяпти. Бошқа томондан, мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги  ва диний ташкилотлар ҳақида»ги қонуни мавжуд. Ушбу ҳужжат 1998 йил 1 майда қабул қилинган бўлиб, у диний маросимлар ва ибодатлар, яъни давлат ва конфессиялар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Ҳатто ушбу қонун ҳам расмият нуқтаи назаридан Конституцияга ҳам, Инсон ҳуқуқлари бутунжаҳон декларациясининг 18 моддасига ҳам зид эмас. Декларациянинг мазкур моддасида шундай дейилган:

Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади.
Шунинг билан бирга, ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқда ҳар бир давлат учун миллий манфаатлар биринчи ўринда туради, дейилган. Нима сабабдан ушбу қонун қабул қилинганини англаш учун, ҳужжат қабул қилинган вақт, 1998 йилга, назар ташлаш керак. Ўша пайтлар республикада экстремизм, терроризм ва диний экспансия кенг тарқалган эди. Ҳуқуқшуноснинг фикрига кўра, бугунги кунга келиб бу ҳужжат анча эскирган ва уни қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Дин ишлари бўйича қўмита буни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрган, аммо лойиҳа фақат қоғозда қолиб кетган.

«Ўйлашимизча, ҳамон минглаб одамлар шубҳали ва кўпиртирилган айблар билан «диний экстремизм» учун қамоқларди ўтирибди. Стив Свердлов
Ушбу қонун нафақат баптистлар оқимига, балки православ ва католик христианлари, жумладан мусулмонларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. 1998 йили ушбу ҳужжатни қабул қилишдан мақсад диний оқимларнинг назоратсиз қолиб кетишини бартараф этиб, дин билан боғлиқ бўлган чегараларни жорий этиш бўлган. Ўша даврда бу муҳим аҳамият касб этган. Ва назоратсиз миссионерлик фаолияти қонунан тақиқланган.

Стив Свердлов. Photo: RFE/RL

Адвокат ва Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг фикрича, диний таъқибларни хавфсизлик масаласи билан оқлаб бўлмайди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда тинчликка путур етказилиш таҳдиди ҳақиқатан мавжуд, аммо бу диндорларни доимий равишда назорат қилишга асос бўлмаслиги керак.

«Тўқсонинчи йиллар ўртасидан бошлаб ўзбек ҳукумати минглаб одамларни диний экстремизмда айблаб, қамоққа олди. Янги ҳокимият 2016 йилдан бери минглаб айбсиз мусулмонларни озод қилганлигини таъкидласада, бу маълумотни тасдиқлаб бўлмайди, чунки ҳукумат озодликка чиққан шахсларнинг аниқ айбловларини тақдим қилгани йўқ. Ўйлашимизча, ҳамон минглаб одамлар шубҳали ва кўпиртирилган айблар билан «диний экстремизм» учун қамоқларди ўтирибди. Бу билан эса Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро мажбуриятлари бузилмоқда».

«Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» уюшмаси раҳбари Надежда Атаева ҳам Стив Свердловнинг фикрларига қўшилади:

Ташкилотимизнинг кузатувларига кўра, Ўзбекистонда миссионерлик ва прозелетизмга қарши кураш ниқоби остида протестантларга қарши таъқиблар кундан-кунга кучаймоқда. Шунингдек протестант черковларини рўйхатдан ўтказиш ҳам тақиқланган. Барча таъқиблар куч ишлатар тизимлар ва маъмурий органлар вакиллари томонидан амалга оширилмоқда.
Photo: worldwatchmonitor.org

Лицензия нима учун керак ва уни қандай олиш мумкин?

Баъзан маросимлар ўтказиш учун лицензия олишга давлат онгли равишда тўсиқ қўяди. Мисол учун, яҳудийлар ҳамжамиятини, қонунда кўрсатилганидек, мамлакатнинг 14 та маъмурий-ҳудудий қисмида синагогаси бўлмаганлиги учун рўйхатдан ўтказмай келишмоқда.

Шунингдек Адлия вазирлиги раввинларни аккредитация қилиш таклифини рад қилмоқда. Охирги марта яҳудий руҳонийлар тўрт йил олдин, 2014 йилда аккредитациядан ўтишган. Раввинлар етишмаслиги эътиқод эркинлигини чеклайди, динга бўлган қизиқишни сўндиради ва ҳамжамиятга янги сафдошларни жалб қилишга имкон бермайди. 

Худди шунга ўхшаш чекловлар бошқа диний конфессияларга нисбатан ҳам жорий этилган. Масалан, Қорақалпоғистонда мусулмон ёки ортодоксал христиан бўлмаган диний оқимлар ҳуқуқий мақом олиш имкониятига эга эмас. Иегова шоҳидлари ҳам, ўз динларига эътиқод қилиш ҳуқуқини олган бўлишсада, янги гуруҳларни рўйхатдан ўтказа олишмайди.

Бу маълумотни Стив Свердлов ҳам CABAR.Asia’га берган шарҳида тасдиқлаб ўтади:

Ўзбек ҳукумати прозелитизмни бутунлай тақиқлаб қўйган. Кўплаб насроний конфессиялар рўйхатдан ўтиш ва ўзларининг одатдаги диний амалиёти билан шуғулланиш имкониятидан маҳрум қилинган. Кўпинча «норасмий диний фаолият»га қарши рейдлар ўтказилади. Тинч йиғилишлар ўтказган насронийлар қўлга олиниб, жаримага солинади, қатнашчиларга босим ўтказишади, Инжил ва бошқа диний адабиётларни мусодара қилишади.
Бироқ, баптислар, мунтазам равишда босимларга учрашсада, рўйхатдан ўтишдан мутлоқ бош тортишмоқда. Улар бегоналарни хуш кўришмайди ва ОАВ вакилларига шубҳа билан қарашади. Исми сир қолишини истаган конфессиянинг бир вакили баптизм – бу маънавийлик эканлигини, ушбу динни рўйхатдан ўтказиб бўлмаслигини ва ҳақиқий қонун ҳокимиятники эмас, худоники эканлигини таъкидлайди. Шунинг учун баптистлар ўз ҳақиқатларини оммага ёйиш учун рўйхатдан ўтиш керак эмас, деб ҳисоблашади.

Photo: worldwatchmonitor.org

Ўзбекистон ҳукумати эса ўз навбатида диндорларга нисбатан босимни кучайтиришда давом этмоқда. Ўтказилаётган рейдларда энди нафақат фуқаровий идоралар, балки Миллий гвардия ҳамда Давлат хавфсилик хизмати (ДХХ) ҳам қатнашмоқда.

Надежда Атаева. Photo: catoday.org

Надежда Атаеванинг маълумотларига кўра, баптисларни фақат ички ишлар ва ДХХ ходимлари эмас, балки уларнинг қўшнилари, маҳалла қўмитаси ва коммунал хизмат ишчилари ҳам диққат билан кузатиб боришмоқда. Атаеванинг айтишича, ижтимоий тармоқларда ҳам баптистларни кузатиш йўлга қўйилган, ҳатто босилган ягона «лайк» профилактик суҳбатга  чақириш учун асос бўлиши мумкин. Рейдлар пайтида ҳеч қандай санкцияларсиз улардан қўл телефонларини олиб қўйишади ва ичидаги маълумотларини текширишади.

«Баптистлар гуруҳининг ҳар бир аъзосига нисбатан шахсий ҳужжат юритилади ва бу ҳолат шантаж учун асос бўлиб хизмат қилади. Кўраяпмизки, ушбу ҳамжамият вакиллари фақат пассив қаршилик кўрсатишади, улар қонунлар бузилиши ҳақида гапиришлари ёки суд қарорларига нисбатан шикоят аризаларини беришлари мумкин холос», – дейди Атаева.

Атаеванинг сўзларига кўра, ички идоралар Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилган фармонини эътиборга олмаяпти. Ушбу ҳужжатда гувоҳлик олиш учун қийноқлар қўллаш тақиқланган бўлсада, норасмий протестант гуруҳлар аъзоларига нисбатан кўп соатлик сўроқлар ўтказилиб, улардан сохта гувоҳликлар ва бошқа маълумотлар олинмоқда.

«Баптистлар гуруҳининг ҳар бир аъзосига нисбатан шахсий ҳужжат юритилади». Надежда Атаева
Ўтган йилнинг сентябр ойида ўтказилган рейд натижасида бир аёл ва унинг қизи касалхонага ётқизилган. «Бу каби репрессив амалиётларга БМТнинг эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси жиддий эътибор қаратиши керак», – дейди Атаева.

АҚШ Ўзбекистонни «диний эркинликларнинг жиддий бузилишларига йўл қўяётган ёки бундай ҳолатга бепарво қараётган ҳукуматлар учун махсус кузатув рўйхати»га киритган бўлсада, мамлакатдаги вазият барқарор эмас. Бу каби диний таъқиблар, айниқса рейдлар, сиқувлар ва сўроқлар республикани яна эътиқод эркинлиги жиддий равишда чекланаётган давлатлар рўйхатига қайтариши мумкин.

Мазкур материални тайёрлаш жараёнида мақола муаллифи кузатув остида бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўлдик. Норасмий диний конфессияларга алоқаси бўлган кишиларга нисбатан таҳдидлар амалга оширилиб, уларни жиддий айбловлар билан қўрқитишган. Стив Свердловнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар Ўзбекистонни диний соҳада олиб борилиши кутилаётган ислоҳотларга содиқ эканлигига шубҳа уйғотади.

Бу дегани, мамлакат ҳали анча вақт ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг диққат-эътибори марказида бўлади, таъқибга учраётган диний гуруҳларнинг ҳолати эса беқарор бўлиб қолаверади.


Мазкур мақола IWPR ташкилотининг «Марказий Осиёда очиқ диалог орқали барқарорлик» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: