© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Дзеннинг Тошкентдаги бир бўлаги: Марказий Осиёда ягона бўлган будда ибодатхонаси ҳақида

Ўзбекистонда буддойилар сон жиҳатдан мусулмонлар, христианлар ва яҳудийлардан кейин тўртинчи ўринда туради. Ушбу динга мамлакат аҳолисининг 0,2 фоизи эътиқод қилади. Айнан Ўзбекистонда Марказий Осиёда амалда бўлган ягона будда ибодатхонаси жойлашган.


Ўзбекистонда буддизмнинг илк қадимий ёдгорликларидан бир қанчаси топилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ёдгорликлар ЮНЕСКО мерослари рўйхатига киритилган. Буддизмга тегишли қадимий маданият қолдиқларининг умумий сони йигирмага яқин ва улар асосан Термиз ва унинг атрофида жойлашган.

Янг Ки Хун. Photo: 24.kz

Шулардан бири – Фаёз тепа ибодатхонаси. Ўзбекистондаги будда ибодатхонаси тарихи айнан шу жойдан бошланади. Қазиш ишларини ушбу ҳудудда академик Эдвард Ртвеладзе бошчилигидаги ўзбек-япон экспедицияси олиб борган. Экспедиция иштирокчиларидан бири, Жанубий Кореялик тарих фанлари доктори Янг Ки Хун Ўзбекистонда қолиб, мамлакатдаги илк бутхонани барпо этишга қарор қилади.

Бундан ташқари, буддизм эътиқодига кўра, Будда Майтрея катта эҳтимол билан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига келади.

Буддизм башоратларига кўра, Будда Майтрея мукаммал фикр ойдинлашуви билан келадиган буюк пайғамбар. У инсонларга янги таълимот олиб келади ва уни барча биддизм маслакдошлари тан олади.
1991 йилдан бери бутхона “Чаинса” (“Ҳамдардлик”) деб аталади: Кореядаги энг йирик будда нишони “Чогё”дан. Тошкент чеккасида жойлашган ушбу ибодатхона нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда амалда бўлган ягона бутхона ҳисобланади.

Илгари ушбу ибодатхона шаҳар ҳудудида жойлашган эди, бироқ бир неча йил олдин Тошкент чеккасига, Дадахўжаев кўчасига, кўчирилди. Эски ҳудуд майдони жуда кичкина бўлган. Photo: hook.report/М.Шавкатов
Кўнгиллилар ёрдами эвазига янги майдон сотиб олинган, таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ибодатхона ҳовлиси буддизмнинг барча қоидаларига амал қилинган ҳолда ўзгартирилган. Бутхона ҳудудида ҳатто нилуфарлар ва балиқлар билан тўла кичик бир кўлча ҳам бор. Photo: hook.report/М.Шавкатов
Бино ичкарисида китоблар жойланган кўплаб стеллажларни учратиш мумкин. Шунингдек, бажарилиши шарт бўлган ибодатлар учун алоҳида хона бор. Хонанинг ўртасида Будда ҳайкали жойлашган. Photo: hook.report/М.Шавкатов

Ушбу бутхона бош руҳоний Янг Ки Хун томонидан барпо этилган бўлиб, бугунги кунда давлатга умуман қарам эмас. Ибодатхона руҳоний ва унинг маслакдошларининг маблағлари эвазига фаолият олиб боради. Шам ва хушҳидларни Тошкентга иш билан келган ёки бу ерда бизнес юритаётган жанубий кореяликлар ўз юртидан олиб келишади.

Бу ерда асосан буддизмнинг Сон оқимига амал қилишади. Сон йўналиши дунёга машҳур бўлиб, бошқача қилиб Дзен буддизм деб ҳам аталади.

Дзен – буддизмнинг шарқий Осиё мамлакатларидаги энг йирик ва кенг тарқалган таълимларидан бири. Дзен фалсафаси мушоҳада қилиш йўли билан фикр ойдинлашувига эришишга асосланган. Амалиёт пайтида дзен буддистлари ўй-ҳаёлларини фақат ҳозирги онга жамлаш билан машғул бўлишади.
Бутхона руҳонийсининг ўринбосари Александр Хегайнинг айтишича, ибодат қилиш учун ташриф буюрувчиларнинг умумий сони 100-150 тани ташкил қилади. Улар асосан маҳаллий ёки чет эллик корейслар. Бироқ ибодатхона эшиклари буддизм маданияти ва анъаналарига қизиқувчи ҳар бир киши учун очиқ:

Александр Хегай. Photo: hook.report/М.Шавкатов

– Одамлар бу ерга ички сокинлик ва уйғунлик излаб келишади. Биз унга медитация орқали эришамиз.

Сурхондарё ва бошқа вилоятларда топилган ёдгорликлар одамларда буддизмга бўлган қизиқишни кучайтирди. Ибодатхонамизга Жанубий Корея, Таиланд, Мьянма, Япония каби давлатлардан келган роҳиблар ташриф буюришади. Бош руҳонийимиз ўттиз йилдан бери Ўзбекистонда эканликларининг асосий сабаларидан бири ҳам шу.

Ибодатхонамизга илм олиш мақсадида ҳам келишади. Буддизм дунёдаги энг қадимий динлардан бири бўлишига қарамасдан, юртимизда кўплар биз ҳақимизда кам билишади. Шунинг учун маҳаллий гидлар бутхонага экскурсиялар уюштиришади. Баъзан тарих ўқитувчилари ўз шогирдларини буддизм таълимоти билан яқиндан таништириш учун уларни бу ерга олиб келишади.

Ибодатхона эшиклари доимо очиқ, мен ёки бош руҳониймиз келганларга буддизм, ибодатхона тарихи ва динимизмнинг нозик тафсилотлари ҳақида сўзлаб берамиз.

Ҳафтанинг ҳар охирги куни бизда якшаба ибодати ўтказилади, шундан сўнг ҳаммамиз тамадди қилиш учун бир дастурхон атрофида йиғиламиз. Байрам кунлари ибодатхонамизда бир вақтнинг ўзида юзга яқин одам бўлади. Диндорлар ибодат ёки медитация қилиш билан машғул бўлишади.

Жанубий Кореяда баъзи монахлар бутхонанинг ўзида яшашади, лекин бизда ҳозир бундайлар йўқ. Аммо ибодатхонамиз ҳар қандай жинс, миллат, эътиқод вакиллари учун очиқ.

Photo: hook.report/М.Шавкатов

Келажакда ибодатхона фаолияти доирасини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Диний маросимлар маркази, ибодат учун кенг зал, офис ҳамда тўй ва бошқа тантанали маросимларни ўтказиш учун зиёфат хоналар қуриш кўзда тутилган. Лекин ҳозирча майдон масаласи муаммо бўлиб қолмоқда”.

Ўтган йили Зангиота ҳокимияти йўлни кенгайтириш мақсадида ибодатхона майдонининг бир қисмини мусодара қилмоқчи бўлди. Яъни ҳовлидан бошлаб, ибодат қилиш залигача бўлган 21 метр ҳудуд бузиб ташланиши кўзда тутилган эди.

Бу шахсий мулкни мусодара қилиш ҳолатларининг оддий бир кўриниши эмасди. Буддизм динида ибодатхона майдонининг ҳар бир қаричи муқаддас ва маънога бой ҳисобланади. Ушбу интизомнинг бузулиши билан ибодатхона ўз қиймат ва мазмунини йўқотади.

Бу муаммо монах Янг Ки Хун ва диндорларни ташвишга солди. Улар ушбу масала юзасидан ҳокимиятга мурожаат қилишди, ҳукумат порталига хатлар ёзишди.

Ўтган йилнинг октябр ойида автотрасса харитасига тўғрилаш киритилди. Аммо 27 декабр куни ҳокимият ибодатхона майдонида йўл қуришга яна қарор қилгани маълум бўлди.

Музокаралар натижасида томонлар муросага келишди. Ибодатхона учун мусодара қилинган майдон билан қиймати бир хил бўлган бошқа ер майдони ажратиладиган бўлди. Ажратилган ҳудудда янги бутхона жойлашиши режалаштирилган. Диндорлар янги ибодатхона охиригача ўша жойда қолишига умид қилишмоқда.


Мазкур мақола IWPR ташкилотининг «Марказий Осиёда очиқ диалог орқали барқарорлик» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: