© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистон: ногиронлиги бор шахслар учун олий таълим олиш имкониятини қандай таъминлаш мумкин?

«2018 йилда қўшимча 2% квоталар туфайли ногиронликнинг I ва II гуруҳига мансуб бўлган шахслар Ўзбекистонда олий таълим олиш учун ўз имкониятларидан фойдаландилар. Бу олий таълимга ногиронлиги бор шахсларни жалб этиш бўйича олдинга қўйилган илк катта қадам. Ижобий дискриминация ва квоталаш чора-тадбирлари ногиронлиги бор шахслар учун олий таълим муассасаларида таҳсил олиш жараёнида қанчалик самара беради ва тенг имкониятларни ярата олади?», – ушбу саволларга эксперт Дилмурод Юсупов Cabar.asia учун махсус мақоласида жавоб беради.

Русский English


Подпишитесь на наш канал в Telegram


Ўзбекистонда олий таълим ҳали ҳам кириш имтиҳонларида қаттиқ рақобатга дош бера оладиган танланган имтиёзли камчилик қатлами учун мавжуд. Ушбу вазият олий таълим муассасаларининг сони камлиги ва олий таълимга бўлган юқори талаб сабабли сақланиб қолмоқда, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган аҳоли сони 60%ни ташкил этади[1]. Ўтган йили Ўзбекистоннинг 60та миллий университетлари ва уларнинг 19та филиаллари учун ҳужжат қабул қилиш ҳақида эълон берилди. Шу билан бир вақтда ҳукумат 80,965 талаба квотасини қабул қилди[2].

Бу йили бир талаба ўрни учун ўртача 8 киши рақобатлашган, баъзи вилоятларда эса танлов 1 жойга 20 кишидан ҳам зиёдроқ бўлган. Масалан, Тошкент тиббиёт академиясида ўтган йили рекорд натижа қайд қилинди, бир ўринга 23,2та даъвогар[3].

2017 йили 1 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида[4] олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида ногиронлиги бор шахслар учун имтиёзлар тақдим этилиши чора-тадбирлари кўзда тутилган. Яъни давлат ҳаммага тенг шароитлар яратилиши қоидасидан четга чиқиб позитив дискриминация чорасини қўлламоқда, яъни ногиронлик, ирқ, жинс факторлари бўйича камчиликни ташкил этувчи қатламга махсус имтиёзлар тақдим этмоқда.

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахсларга абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг икки фоизли қўшимча квотаси киритилди. Кириш имтиҳонларида ногиронлиги бор абитуриентлар учун ўтиш баллари 56,7 баллгача (максимал баллнинг 30 фоизи – 189 балл) камайтирилди ва тегишли баллни қўлга киритганлар давлат грантлари асосида бюджет жойларига ўқишга қабул қилиндилар.

Берилган имтиёзларга қарамай, фақатгина 996 нафар ногиронлиги бор абитуриентлар қўшимча квоталарга ўтишга муваффақ бўлишди[5], бу 2018 йилдаги тасдиқланган умумий қабул квотасининг 1,4%ни ташкил этади. Кириш имтиҳонларига киритилган ногиронлиги бор шахсларнинг умумий сони бўйича маълумотлар етишмаслиги туфайли квота бўйича ажратилган жойлар ногиронлиги бор абитуриентлар сони камлиги сабабли тўлиқ тўлмаган деб тахмин қилиш мумкин.

Эҳтимол, олий таълим муассасаларида таълим олишни истаганлар кўпчиликни ташкил этади, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам кириш имтиҳонларида керакли баллар сонини тўплай олмаганлар, бу уларнинг имтиҳонларга тайёрланиш даражалари паст эканлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ногиронлиги бор шахсларни олий ўқув юртларига қабул қилиш тартибига кўра, ўрта таълим (11-синф асосида), академик лицей ёки касб-ҳунар коллежини битирганлик ҳақидаги ҳужжатга эга бўлиш етарли. Амалда эса, шаҳодатнома ёки диплом мавжудлиги ҳар доим ҳам юқори даражадаги билим ва ўрта таълим сифатини кафолатламайди.

Ҳамма учун тенг ҳуқуқлар?

Шубҳасиз, кучли рақобат шароитида, ногиронлиги бор шахсларга 2% миқдорда квоталар, олий таълим олиш жараёнида тенгсизликни бартараф этиш мақсадида киритилган. Бироқ, ногиронлик олий таълимга қабул жараёнида ижобий дискриминация учун асос бўлиб хизмат қила оладими? Ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун ўтиш балининг сезиларли даражада пасайтирилгани, уларнинг бевосита тайёргарлиги суст эканлигини англатади, бу эса уларнинг қолган абитуриентлар билан тенг равишда рақобатлашишига тўсқинлик қилади. Бошқача қилиб айтганда, бундай имтиёзлар инсон танасининг нуқсонлари унинг ақлий қобилиятига салбий таъсир кўрсатишига ишора қилади. Аслида эса, жисмоний ногиронлик, эшитиш ва кўриш қобилиятининг чекланиши ёки ақлий заифлик, сифатли ўрта таълим олиш ва олий таълим муассасасига кириш учун зарур тайёргарликни таъминлаш учун тўсиқ бўла олмайди.

Муаммо – ногиронлиги бор болаларни ривожланишнинг дастлабки босқичларида таълим олишга тенг имкониятлар яратилмаганлигида. Уларнинг аксариятида ногиронликнинг енгил шакллари намоён бўлсада, улар махсус таълим муассасалари ва коллежларда ўқишга мажбур бўлишмоқда. Махсус таълим муассасаларда эса таълим сифати кутилгандек юқори эмас.
Жисмоний тўсиқлар ва ўрта таълим мактабларда ногиронлиги бор болалар учун оқилона қулайликлар мавжуд бўлмаганлиги туфайли улар одатда уйда таълим олишга мажбур бўлишади, бундай таълим эса олий таълим муассасалари умумий талабларига жавоб бермайди. Ўзбекистонда ногиронлиги бор болаларнинг умумий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имкониятларини таъминловчи инклюзив таълим ҳали ривожланишнинг дастлабки босқичида.

Натижада, инклюзив ўрта таълимнинг етарлича ривожланмаганлиги сабабли ногиронлиги бор бўлган абитуриентларнинг ҳар хил даражадаги бошланғич шароитлари сабаби инклюзив олий таълим ҳақида бир нарса дейиш қийин. Таълимнинг бошланғич даражасида инклюзив ёндашув йўлга қўйилмагунича, паст кириш баллари шаклидаги имтиёзлар юзаки чора бўлиб қолаверади.
Кириш имтиҳонларида ногиронлиги бор шахслар учун махсус имтиёзлар жорий этилиши тиббий меҳнат эксперт комиссиялари томонидан (ТМЭК) ногиронлик ҳолатини текширишда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар шаклланишида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. I ёки II гуруҳ ногиронлигини олиш янада қийинлашиш эҳтимоли бор, чунки эндиликда ушбу мақом университетда бюджет асосида ўқиш ҳуқуқини беради. Яна бир савол туғилади, нега III гуруҳ ногиронлиги бор шахслар олий таълим муассасаларига ўқишга киришларида, уларга бу каби имтиёз берилмайди?

Албатта, бу билан ногиронлиги бор шахслар учун давлат бюджет маблағлари асосида грант ўринлар квоталарига бўлган эҳтиёжни инкор этиб бўлмайди. Чекланган молиявий маблағ туфайли ногиронлиги бор шахслар ва уларнинг ота-оналари олий таълим муассасаларидаги шартнома харажатларини тўлашга қодир эмаслар. Масалан, туғилишдан бошлаб ногиронлик бўйича ижтимоий нафақа ойига 396,5 минг сўм (50$дан кам). Университетда бериладиган стипендияни ҳисобга олсак ҳам, жами маблағ фақат яшаш учун етарли бўлади,шартнома асосида контракт тўлови бу шароитда жуда оғир юк бўлар эди. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида ўқиш транспорт, озиқ-овқат маҳсулотлари, ўқув буюмлари учун чиқимлар ва кўплаб бошқа харажатлар ҳам мавжуд.

Университетда ногиронлиги бор шахслар учун керакли шароит мавжуд эмас

2018 йил 2 июнда қабул қилинган ногиронлиги бор шахсларни олий ўқув юртларига қабул қилиш тартиби бўйича[6] ўз қошида олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идораларга, шунингдек, тўғридан-тўғри олий таълим муассасаларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “ногиронлиги бор шахслар таълим оладиган ва улар учун кириш имтиҳонлари ўтказиладиган синфлар ва биноларда зарур шарт-шароитлар яратиш учун чоралар кўриш” зарур эди.

2011 йилда БМТ Тараққиёт Дастури Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда[7] Тошкент шаҳридаги бино ва иншоотларни ногиронлиги бор шахслар учун қанчалик қулайлиги тўғрисида қўлланма ишлаб чиқди[8]. Қўлланма шаҳардаги 300дан ортиқ бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, олий таълим муассасаларнинг ҳам қулай шароит яратиш бўйича имкониятларини намойиш этади. Қўлланмада остонасиз кириш, зинапоялар, пандуслар, лифтлар, ногиронлиги бор шахслар учун махсус жамоат хожатхоналари, шунингдек, эшиклар кенглиги ва бошқа қулайликлар мавжудлиги ҳисобга олинган.

Қўлланмада 21 олий ўқув таълим муассасаси ўрганилган, улардан учтаси чет эл олий ўқув юртлари филиали, иккита миллий тиббиёт академияси ва Тошкент ислом университети тўлиқ талабга жавоб бериши кўрсатилган. Парадокс шундан иборатки,чет эл олий ўқув юртлари филиаллари ўзларининг таълим биноларида қулай шароитлар билан ажралиб турса ҳам, ногиронлиги бор шахслар 2% квота орқали ушбу муассасаларда таҳсил ололмайдилар. Ўзбекистондаги чет эл олий ўқув юртлари филиаллари абитуриентлар орасида ўз танловларини ўтказиб келишади.

Айтиш мумкинки, саккиз йилдан кейин ҳам олий ўқув юртларидаги ногиронлиги бор шахслар учун яратилган қулай шароитлар сезиларли даражада яхши томонга ўзгаргани йўқ. Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун[9] барча давлат муассаса ва ташкилотларини ногиронлиги бор бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилмага, транспорт, алоқа воситалари ва ахборотдан фойдаланишга тенг имкониятларни таъминлашга мажбур қилади. Ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатларда, қонунда маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.

Кўплаб олий таълим муассасаларнинг бино ва иншоотларида ногиронлиги бор шахслар учун зарур бўлган қулай шароитлар йўқлиги туфайли, ўтган йили қўшимча квота орқали олий ўқув юртига кирган жисмоний ногиронлиги бор талабалар кўплаб тўсиқларга дуч келишди ва бу вазият, улар бошқа талабалар билан тенг равишда таълим жараёнида қатнашишларига тўсқинлик қилмоқда. Кўпгина ўқув биноларида лифтлар ўрнатилмаган ёки умуман ишламайди, талабалар дарс жадвалига кўра кўпинча ҳар хил қаватларда дарсларда қатнашишади. Зиналар баландлиги, пандуслар йўқлиги туфайли ногиронлик аравачасидан фойдаланувчи талабалар учун олий ўқув муассасаси биноларининг асосий киришларидан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас.

Юқорида келтирилган вазиятдан келиб чиқиб олий ўқув юртлари раҳбарияти ногиронлиги бор талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этишни таклиф қилади, масалан, ётоқхоналарнинг биринчи қаватларидаги хоналарни ўқиш учун мослаштиради. Натижада, жисмоний ногиронлиги бор талабалар асосий ўқув биносида барча талабалар билан эмас, балки ётоқхонада ҳам яшашга, ҳам ўқишга мажбур бўлишмоқда. Бундан ташқари, раҳбарият таклифига рози бўлмаган ва ҳамма билан бирга ўқиш ҳуқуқини ҳимоя қилган талабалар ҳам бор, уларнинг жисмоний ногиронлиги бироз енгил шаклда бўлсада, масалан, қўлтиқтаёқдан фойдаланадиган ёки церебрал параличи бор талабалар. Аммо жисмоний ногиронликнинг янада жиддий шаклига эга бўлган талабалар университет бинолари уларнинг эҳтиёжлари учун яроқсизлиги сабабли ўз саломатликлари хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда раҳбарият таклифига рози бўлмасликдан бошқа иложлари йўқ. Шуни таъкидлаш керакки, кўпчилик ҳолларда олий ўқув юртлар раҳбарияти лифтларни таъмирлашни, пандусларни ўрнатишни рад этишмоқда ёки ортга суришмоқда.

Кўриниб турибдики, олий ўқув юртлари ногиронлиги бор талабаларга қўшимча квоталар ва имтиёзлар беради, лекин улар олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганларидан сўнг, ногиронлик асосида асосий академик биноларга тўсиқсиз киришни таъминламасдан алоҳида таълим бермоқдалар. Бу нафақат инклюзив таълим эмас, балки талабаларни ногиронлик асосида ажратишга киради. Олий таълим муассасаларидаги мавжуд тўсиқлар турли хил ногиронлиги бўлган талабаларни камситилишига олиб келади. Барча саъй-ҳаракатлар, биринчи навбатда, ногиронлиги бор талабаларнинг айрим гуруҳлари учун махсус шароитларни яратишга эмас, балки асосий бинолар ва иншоотларга тўсиқсиз киришни таъминлашга қаратилган бўлиши зарур.

Оқилона қулайликлар йўқлиги

БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, ногиронлиги бор шахслар учун оқилона қулайликларни таъминламаслик ногиронлик асосида камситишнинг бир шакли ҳисобланади. Олий таълим муассасаларида таҳсил олиш жараёнида ногиронлиги бор талабаларни оқилона қулайликлар билан таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Кўриш қобилияти чекланган талабалар учун оқилона қулайлик – уларнинг шахсий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, Брайл шрифтида тактил сезиш учун мослаштирилган дарсликлар ҳисобланади. Масалан, кўриш қобилияти чекланган талабалар математика формулаларини, доскада чизилган графикларни, чизмаларни фақатгина эшитиш орқали тўлиқ қабул қила олмайдилар, бу нарсаларни сўзлар орқали тушунтириш қийин. Бунинг учун олти нуқталик Брайл шрифтида нашр этилган махсус дарсликлар мавжуд. Афсуски, бугунги кунда олий таълим муассасаларнинг кутубхоналарида бундай махсус қўлланмаларни топиш жуда қийин. Бу ҳолат Ўзбекистонда кўзи ожиз инсонлар учун ягона босмахонасини давлат томонидан етарли даражада қўллаб-қувватланмаганлигидан далолат беради.

Эшитиш қобилияти чекланган талаба учун семинарлар ва маърузалар вақтида имо-ишора тилида таржима билан таъминлаш улар учун оқилона қулайликни яратади. Бу ерда муаммо шундаки, сурдо таржимасиз, кар ва заиф эшитувчи талабалар ўқув материалларни ўрганишда, шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар билан мулоқотда қийинчиликларга дуч келишади. Шундай қилиб, ўқув режаси мураккаблашса, сенсор нуқсонли талабалар бошқа талабаларга нисбатан орқада қоладилар ва бу уларнинг ўзлаштириш ва руҳий саломатлигига салбий таъсир қилади.

Шуни таъкидлаш керакки, олий ўқув юртидаги таълим жараёнида ишлатиладиган профессионал сурдо тарджима ва кундалик жараёнида ишлатиладиган имо-ишора тили ўртасида катта фарқ бор. Масалан, чизиқли алгебра бўйича маърузани таржима қилиш учун сурдо таржимон нафақат тегишли билимлар базасига эга бўлиши керак, балки имо-ишора тилида касбга оид терминлар ёки таърифларни қандай етказиш кераклигини олдиндан билиши лозим. Яна бир муаммо – имо-ишора тилни яхши биладиган таржимонлар ва сурдопедагогларни муносиб иш ҳақи билан таъминлаш. Олий таълим муассасаларида сурдо таржимани ташкил қилиш учун сарфланадиган харажатларни ўз зиммасига ким олиши керак – эшитиш қобилияти чекланган талабами, олий таълим муассасасими ёки давлатми?

Хона индукцион илгак билан жиҳозланганлигини кўрсатувчи халқаро белги ва бу хонада эшитиш қурилмасида “Т” режимидан фойдаланиш мумкин. 

Бундан ташқари, заиф эшитувчи ва кохлеар имплантлардан фойдаланадиган талабалар учун аудиторияларни индукцион илгак (induction/hearing loop​) – индукция катушкаси режимида ишлайдиган қулоқ эшитиш аппаратларига узатиш антеннаси билан жиҳозлаш зарур. Оддий сўз билан айтганда, ушбу қурилма овозли сигналларни электромагнит сигналига айлантириб қулоқ эшитиш аппаратига шовқинсиз етказиб беради агарда эшитиш аппаратида “телекатушка” режими ёки “Т” (Т  setting​) ёқилган бўлса. Бундай имконият қулоқ эшитиш аппаратларининг деярли ҳаммасида мавжуд. Бироқ, кўп ҳолларда, ҳатто эшитиш қобилияти чекланган кишилар ҳам, кўплаб давлат муассасаларида индукцион илгак йўқлиги туфайли, эшитиш аппаратларининг бундай фойдали функцияси ҳақида яхши билишмайди.

Олий таълим муассасаларининг бино ва иншоотларида шароит йўқлиги, шунингдек, оқилона қулайликларнинг етишмаслиги ногиронлиги бор талабаларнинг ўқув жараёнидаги ўзлаштириши ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Ихтисослаштирилган мосламалар, сурдо таржима ва бошқа мослаштиришлар ўқув жараёнида сенсор ногиронлиги бор талабаларни илм олишларига кўмаклашиш учун ўта зарур. Бундай мосламаларсиз, семинарлар ва маърузалар ўтказиш талабаларнинг билимларини ва кўникмаларини юзакилаштиради, бу эса уларнинг кейинги ишга жойлашиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатади.

Чекланган молиявий ёрдам

Ногиронлиги бор талабалар учун олий ўқув юртида ўқиш қўшимча харажатларни талаб қилади. Масалан, жамоат транспорти воситаларида шароит йўқлиги сабабли, ногиронлар аравачалардан фойдаланувчи шахслар тез-тез таксига катта миқдорда маблағ сарфлашлари ёки Тошкентнинг шароити йўқ кўчаларида ҳамроҳлик қилиш учун шахсий ёрдамчиларни жалб қилишлари керак. Кўзи ожиз ёки кўриш қобилияти чекланган талабалар компютердан фойдаланиш имконини берувчи қимматбаҳо ихтисослаштирилган ускуналар, Брайл дисплейлари ва тегишли дастурий таъминот сотиб олишлари керак.

Брайл дисплейи матнли маълумотни олти нуқталик Брайл белгилар шаклида кўрсатиш мосламаси. Манба: https://bit.ly/2EE1gV3

Кўриш қобилияти чекланган талабалар учун университетнинг майдони ва биноси Брайл алифбосида ишланган ишоралар билан жиҳозланган бўлмаса, талабалар шахсий ёрдамчи ҳизматларига муҳтож бўлишади. Агар университет ёки давлат томонидан имо-ишора тили таржимони ижтимоий ҳизмати таъминланмаса эшитиш қобилияти чекланган талабалар ўзлари махсус сурдо таржимонларни ишга олишлари керак бўлади.

Мисол учун, Буюк Британиядаги университетларда олий ўқув юртида юзага келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларни қоплаш учун махсус ногиронлик бўйича талабалар учун нафақа (DSA – disability student allowance​) берилади. Ногиронлиги бор талабалардан ташқари, узоқ муддатли жисмоний ва руҳий муаммолари бўлган талабалар, масалан, аутизм, дислекция, диспракция (ҳаракатланиш чекловлари), Гиперфаоллик вақтида диққат етишмаслиги синдроми каби ўқишда қийинчиликларга сабаб бўладиган бошқа ҳолатлардаги талабалар ушбу нафақани олишлари мумкин. Ушбу нафақа миқдори оиланинг даромадига эмас, балки талабанинг шахсий эҳтиёжларига боғлиқ. Ушбу нафақани махсус ускуналар сотиб олиш, шахсий ёрдамчиларни ёллаш, транспорт харажатлари ва бошқа харажатларга сарфлаш мумкин.

Буюк Британиядаги ногиронлиги бор талабалар университетларни танлашда биринчи навбатда университет расмий веб-сайтларини ўрганадилар, бу веб-сайтларда университетнинг ногиронлиги бор шахслар учун яратилган қулайликлари, талабларни шахсий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кириш имтиҳонларини ўтказиш имконияти мавжудлиги, шунингдек, университет ичида ижтимоий ёрдам олиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишади (керакли ускуналар, молиявий ва психологик ёрдам). Тошкентдаги кўплаб университетларнинг веб-сайтлари таҳлили шуни кўрсатадики, олий таълим муассасаларининг сайтлари кўриш қобилияти чекланган инсонлар учун сайтнинг версияси махсус хусусиятларга эга бўлса ҳам, ногиронлиги бор талабалар учун олий ўқув юртидаги яратилган шароитлар мавжудлиги тўғрисида маълумот йўқ.

Олий таълим муассасаларини ногиронлиги бор шахсларга қандай қилиб мослаштириш мумкин?

Давлат томонидан ногиронлиги бор шахсларга нисбатан икки фоизли квота жорий этилиши – ушбу тоифадаги одамлар учун олий таълимдан фойдаланишни таъминлашга қаратилган биринчи қадамдир. Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, шуни айтиш мумкинки, кириш имтиҳонларида ногиронлиги бор инсонларга нисбатан қўлланилаётган ижобий дискриминация сифатида бундай “ён босишлар” уларнинг билимлари даражаси паст эканлиги сабабли самарасиз юзаки чора бўлиб қолаверади. Квотага кириш учун энг паст ўтиш балини йиға олган, чекланган сондаги ногиронлиги бор талабалар фойдалана олишганидан ҳам хулоса қилиш мумкин. Ҳолатни яхшилаш учун, албатта, бошланғич ва ўрта таълим даражасида ногиронлиги бор ўқувчиларнинг билим даражасини ва тайёргарлигини ошириш, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейларни инклюзив таълимини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш талаб этилади.

Ногиронлиги бор шахслар учун 2% квота ва имтиёзлар олий маълумот олиш имкониятини таъминлаш учун етарли эмас. Ногиронлиги бор талабаларни олий ўқув юртидаги таълим жараёнига тўлиқ жалб қилиш учун янада кўпроқ ишларни амалга ошириш керак. Олий таълим юртида нафақат билим олиш, балки ҳаёт ва жамиятга қўшилиш кўникмаларига эга бўлиш муҳим ва университетлар бошқа талабалар билан бирга ногиронлиги бор талабаларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаши керак. Бу мақсадда, улар учун кўмаклашув хизматларини яратиш, универсал дизайнни ҳисобга олган ҳолда асосий ўқув биноларини ва ётоқхоналарни лойиҳалаштириш ва мослаштириш зарур. Шу билан бирга, бундай шароитларни яратиш учун зарур бўлган молиявий ресурслар олий ўқув юрти бюджети учун жуда катта кераксиз ҳаражат ёки оғир юк деб ҳисобланиши нотўғри.

Янги ўқув йилидан бошлаб, ногиронлиги бор талабаларнинг янада кўпроқ сони олий ўқув юртларига қўшимча квоталар орқали ўқишга киради. Бироқ, олий ўқув муассасалари ҳудудлари ва биноларини ногиронлиги бор талабалар учун мослаштирилмаганлигини, шунингдек, зарур ускуналарнинг мавжуд эмаслигини ҳисобга олсак, ушбу шароитда, аутизм, дислекция ва ногиронликнинг бошқа шакллари бор бўлган талабалар, шу жумладан, жисмоний ва сенсор нуқсонли талабалар учун ўқув жараёни қандай ташкил этилишини тушуниш жуда қийин. Агар асосий ўқув биноларидаги етишмовчиликлар туфайли ногиронлиги бор талабаларнинг алоҳида гуруҳлари ташкил қилинса ва улар учун фақатгина баъзи бинолар мослаштирилса, бундай олий таълимни инклюзив ёндашувли олий таълим деб бўлмайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, «ногиронлик» ҳолатлари фақатгина эшитиш қобилияти чекланган талабалар семинарларда ҳеч нарсани тушунмай ўтиришга мажбур бўлганида, ўқитувчи ва унинг курсдошлари нима ҳақида гаплашаётганини тушунмаганида, ногиронлик аравачасидан фойдаланувчи талаба асосий ўқув биносига кира олмаганида, кўриш қобилияти чекланган талаба ўқитувчи доскада қандай формулаларни ёзаётганини кўра олмаганида пайдо бўлади. Бизнинг эътиборимиз ушбу тўсиқларни бартараф қилишга йўналтирилиши шарт. Бу тўсиқлар талабаларнинг индивидуал хусусиятлари сабабли пайдо бўлган ”муаммо“ деб қараш керак эмас. Айнан дискриминацион муносабат ва ажратиш ногиронлиги бор талабалар учун олий таълим олишда асосий тўсиқлардан бири деб ҳисобланади.

 

[1] http://uza.uz/ru/programs/26-years/den-molodezhi-budet-vdokhnovlyat-ee-na-pokorenie-novykh-vyso-30-08-2017/?m=y&SECTION_CODE=26-years&ELEMENT_CODE=den-molodezhi-budet-vdokhnovlyat-ee-na-pokorenie-novykh-vyso-30-08-2017

[2] Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази: http://www.dtm.uz

[3] Давлат тест маркази маълумотлари: http://www.dtm.uz/post/view/oliy-ta-lim-muassasalarida-hujjat-qabul-qilish-ishlari-yakunlandi

[4] http://lex.uz/docs/3436196

[5] Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази маълумотларга таянган ҳолда Ногиронлар уюшмаси маълумотларига кўра.

[6] http://lex.uz/docs/3765162

[7] Ҳозирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

[8] http://www.uz.undp.org/content/uzbekistan/ru/home/library/democratic_governance/accessibility-tashkent/

[9] http://www.lex.uz/docs/1372498#1372569


Мазкур материал «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида, Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий ёрдами асосида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар редакциянинг ёки донорнинг позициясини акс эттирмайди.

Если вы нашли ошибку, пожалуйста, выделите фрагмент текста и нажмите Ctrl+Enter.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: