«Саҳоват ва кумак» давлат хайрия жамоат фондининг фаолияти давлат томонидан белгиланган бундай тузилмаларни тузишни тақиқловчи қонунларига зиддир. Жамғарманинг ўзи маҳсулотларни оширилган нархларда сотиб олади ва унинг ҳисоби турли ташкилотлар ходимларининг иш ҳақидан «ихтиёрий» ажратмалар ёрдамида тўлдирилади.
Телеграм каналимизга обуна бўлинг!
Covid-19 пандемияси Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини синовдан ўтказмоқда ва минтақадаги ҳар бир мамлакат атрофидаги воқеаларга турлича муносабат билдирмоқда. Инқироз шароитида давлатлар халқаро банклар ва бошқа молиявий институтларнинг кредитлари кўринишидаги ташқи молиявий оқимларни жалб қилиш билан бир қаторда, ўз мамлакатлари ичидаги ва ундан ташқаридаги тадбиркорлар ва қўли очиқ бадавлат инсонлар томонидан хайрия ёрдамларини жалб қилишга ҳаракат қилмоқдалар.
Агар келажакда ҳукуматлар халқаро банклар ва фондларнинг кредитлари бўйича фоизларни тўлашлари ва олинган қарзларни қайтариб беришлари керак бўлса, хайрия маблағлари масаласида уларни қайтариш мажбурияти мавжуд эмас. Шу билан бирга, мутахассисларнинг таъкидлашича, хайрия тадбирлари давлат ва унинг тузилмалари томонидан ҳеч қандай тазйиқ остида бўлмаган ҳолда ошкора ва ихтиёрий равишда ўтказилиши жуда муҳимдир.
21 мартдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати коронавирус инфектсиясининг тарқалишига қарши қатъий чоралар кўргандан сўнг, мамлакат аҳолисининг кўп қисми ўз даромад манбаларини йўқотишди. Карантин жорий этилиши билан бир қаторда жамоат арбоблари, тадбиркорлар, кўнгиллилар ва бошқаларнинг фаол иштирокида хайрия тадбирларини ўтказиш ҳам активлашди. Бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, ниқоблар ва шахсий гигиена маҳсулотларини тарқатиш бўйича хусусий актсиялар республика бўйича кузатилди.
2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси хайрия ташкилотларидан моддий ёрдам кўринишида олинган жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортишдан озод қилди.
Россиялик ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳам хайрия тадбирларига иштирок этди. «Мер-Шафқат ва Саломатлик» жамоат жамғармаси орқали Усмонов берган 20,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасини коронавирус инфектсияси билан оғриган беморларни даволаш учун замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга сарфланди.
Бироқ, 1 апрелдан бошлаб Республика комиссиясининг қарори билан республика бўйлаб ҳусусий хайрия ёрдами акциялари тақиқланган.
Кекса одамларга кўнгиллилар томонидан хайрия ёрдамини етказиб бериш карантин талабларининг бузилиши деб ҳисобланди ва бу вазифа маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш учун яқинда ташкил этилган вазирликка берилди.
«Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларини инобатга олмаган ҳолда ташкил этиладиган якка тартибдаги хайрия тадбирлари аҳолининг, айниқса қарияларнинг ҳаётига жиддий хавф солмоқда», – дейилади баёнотда.
Шу вақтдан бошлаб Ягона ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштириш марказлари республиканинг ҳар бир шаҳар ва вилоятида филиаллари билан ишлай бошлади. Дастлаб, марказларнинг фаолияти анча шаффоф эди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия ёрдами мувофиқлаштириш марказларига озиқ-овқат, зарурий маҳсулотлар ёки дори-дармонлар шаклида етказиб берилди. Товарларнинг санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги текширилар ва карантин шартларига қатъий риоя қилинган ҳолда, муҳтожларга этказиб берилар эди. Шу билан бирга, ушбу ишда иштирок этишни ва ёрдамга муҳтожларга хайрия ёрдамини шаҳсан ўзлари етказиб беришни истаган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, донорлар ёки кўнгиллилар (волонтёрлар) ҳам иштирок этишлари мумкин эди.
«International Beverages Tashkent» Ташкент МЧЖ (PepsiCo компаниясининг Ўзбекистондаги эксклюзив дилери) Соғлиқни сақлаш вазирлигига CОВИД-19 ташхиси қўйилган оғир касалларни даволаш учун 1,6 миллиард сўм (158,0 минг АҚШ доллари) миқдорида наркоз-нафас олиш воситаларини совға қилди.
«Murad Buildings» қурилиш компанияси 500 озиқ-овқат тўпламлари билан тўлдирилган қутиларни ва «Havas» супермаркетлар тармоғи ҳам ҳудди шундай қутиларни 1000-тасини Ягона марказга топширди. Барча ёрдам берувчиларни аниқ санаб бўлмайди.
Президент Шавкат Мирзиёев оиласи аъзолари томонидан бошқариладиган жамғармалар ҳам четда қолмади. Ўз телеграм каналида мамлакат президентининг қизи, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раҳбарининг ўринбосари Саида Мирзиёева ўз жамғармаси номидан минг аёлга 1 миллион сўм (тахминан 100 АҚШ доллари) берганини айтди. Шунингдек, илгари номаълум бўлган Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева бошқарадиган «Замин» номли халқаро жамоат жамғармаси коронавирус пандемияси туфайли қийин аҳволга тушиб қолган аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратди. Унинг жамғармаси Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги 5000-аёлларга ёрдам бериш учун 5,0 миллиард сўм (494,0 минг АҚШ доллари) ажратганини эълон қилди.
«Жамғарма лойиҳалари жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ва халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан молиялаштирилади», дейилади жамғарманинг расмий веб-сайтда.
Бироқ, жамғарманинг ҳуқуқий ҳолати, юридик манзили, фонднинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлиги ёки унинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар тўғрисида маълумотлар расмий сайтда йўқ.
Мамлакатдаги хайрия фаолиятига оид яна бир муҳим тадбир мамлакатнинг барча шаҳар ва вилоятларида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида «Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш» жамғармасининг ташкил этилиши бўлди.
Жамғарма ташаббускори мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев бўлди, у 20 апрел куни баъзи хорижий мамлакатларни муваффақиятсиз тажрибаларига таяниб, аҳолига пул маблағлари шаклида давлат томонидан ёрдам кўрсатиш ўзини оқламаслигини таъкидлади.
“Албатта, бу рағбатлантирувчи пулларни тарқатишнинг осон йўли. Аммо ҳеч бир иқтисодчи бунинг эртага қандай оқибатларга олиб келишини олдиндан айтиб беролмайди.
Биз «Саҳоват ва Кўмак» умуммиллий ҳаракатини яратмоқчимиз. Ҳар куни коронавирус билан курашаётганлар, фидойи одамлар ва бизнинг ҳусусий тадбиркорларимиз ҳақида ҳар куни оммавий ахборот воситаларида ёзилмоқда. Ҳозирги қийин шароитларда сабр-тоқатли бўлганлар, муҳтож юртдошларимиз учун курашаётган одамлар ҳақида ҳали китоблар ва шеърлар ҳам ёзилади. Улар ҳақида ҳудди Иккинчи Жаҳон урушида жанг қилганлар ҳақида ёзилгани каби ёзилади. Бу ҳам уруш. Фақат душман кўринмайди. Биз кўринмас душман билан курашяпмиз”, деди президент.
Савдо-саноат палатасининг расмий маълумотидан, «Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш» жамғармасининг фаолияти орқали муҳтож ва ишсиз қолган одамларга ёрдам бериш тадбиркорларнинг «ихтиёрий-мажбурий равишда бу тадбирларга боғлаш» деган маънони англанади.
«Савдо-саноат палатаси, бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва солиқ қўмитаси, туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигидаги ҳокимликларнинг иқтисодий блоки билан биргаликда тадбиркорларнинг миллий ҳаракатда иштирок этиш имкониятлари тўғрисида сўров ўтказилмоқда», – дейилади ССП раиси Адҳам Икрамовнинг баёнотида.
“Кейин тайёрланган рўйхатлар халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилиняпди ва тасдиқланмоқда.
Тасдиқланган тадбиркорлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари рўйхатлари молиявий имкониятларга қараб бирлаштирилиб, маълум миқдордаги оилалар тадбиркорларга ажратилади, шу билан бизнес вакиллари ўзлари озиқ-овқат билан таъминлаш ёки оила бошлиқларининг банк карталарига маблағларни йўналтириш шаклида ёрдам турини белгилайдилар”, ЎзР ССП веб-сайтида та’кидланади.
Шу билан бирга, палата раиси президентнинг тадбиркорларни халқ ҳаракатида иштирок этишига мажбурлашга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмаларини алоҳида таъкидлади, шу билан бирга бундай харакатларни олдини олиш учун жавобгар қилиб Махсус Республика комиссияси, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман тайинланди.
“Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш” ташаббуси доирасида, “Crafers” қандолатчи компаняси уч ой давомида 500 оилага васийлик қилишини эълон қилди.
Шунингдек, “Artel” ширкати ҳам уч ой давомида 1000 оилага ёрдам берадиган бўлди, уларнинг ҳар бирига 1 миллион сўм (тахминан 100 АҚШ доллари) миқдорида молиявий ёрдам берилади.
Бироқ, Меҳрибонлик ва Қўллаб-қувватлаш Жамғармасининг молиявий-иқтисодий фаолияти тўғрисидаги маълумотлар сингари, эҳтиёжманд оилаларга бириктирилган шаҳар (туман) депутатлари томонидан тасдиқланган тадбиркорларнинг тўлиқ рўйхатини топишнинг иложи йўқ. Жамғарманинг ўзининг расмий веб-сайти йўқ, унинг молиявий ҳисоботи тўғрисидаги маълумотни айтмасак ҳам бўлади. Фақатгина Телеграм бот @svak_bot мавжуд, у орқали сиз филиалларнинг телефон рақамлари ва пул ўтказмаси учун банк реквизитларини билиб олишингиз мумкин ҳолос.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари мунтазам равишда фонднинг шаҳар (туман) бўлимига келиб тушган маблағларнинг миқдорини эълон қиладилар, уларнинг асосий қисми аслида «тадбиркорлар» дан эмас, балки давлат муассасалари ва банклар ходимларининг иш ҳақларидан ушлаб қолинган маблағлар ҳисобидан олиняпти.
«Банкирнинг кундалик ҳаёти» Телеграм каналида «Агробанк» тижорат банки Бошқаруви раисининг ўринбосарининг 24 апрелдаги 678-сонли буйруғи билан муассасанинг барча минтақавий филиалларига юборилган буйруқ фотосурати тарқатилди. Ҳужжатда банкнинг бош идораси банк филиаллари ходимларидан беш кунлик иш ҳақини ушлаб қолиш ва уларни “Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш” фондига ўтказишни талаб қилинади:
Ушбу янгиликка жавобан «Агробанк» расмий баёнотида ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тан олди, аммо пуллар фақат ходимнинг розилиги билан ушлаб қолинишини айтди:
Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Тайлоқ туманлари маъмуриятлари матбуот хизматларининг маълумотларига кўра, ушбу ҳудудларнинг асосий «хайриячилари» баъзи «маҳаллий олигархлар» эмас, балки ўша Агробанк бошчилигидаги тижорат банклари эканлиги ҳақида хулоса қилишимиз мумкин.
Zarnews.uz хабарига кўра, Самарқанд вилоятидаги Агробанк ходимларининг иш ҳақларидан ушлаб қолиниши ҳисобига “Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш” хайрия жамғармасига тушган маблағларнинг умумий ҳажми 404,1 миллион сўмни (399.1 минг АҚШ доллари) ташкил этган.
Бошқа мустақил Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам хабар беришича, давлат муассасалари ходимлари маошларининг маълум қисмини “Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш” жамғармасига ўтказишга мажбур.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ва шарҳларга қарамай, тадбиркорлар бундай аксияда иштирок этиш бўйича ўз фикрларини айтиб беришга ҳоҳламай рози бўлишяпти.
Ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги тадбиркор CABAR.asia -га айтишларича, у бир неча оилани ўз қарамоғига олишга ва уч ой давомида боқишга мажбур бўлган.
«Инқирозга қарши давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан банкдан олган кредитимнинг фоизидан 12 фоизини қоплаб берилди. Буни рўкаж қилиб, мендан бир нечта оилага васийлик қилишимни сўрашди. Аммо менинг бизнесим ҳам тўхтаб қолган ва агар хоҳласам ҳам, уларнинг талабларини бажара олмайман », – деди тадбиркор.
Муайян ҳудудда кам таъминланган оилаларга «бириктирилган» тадбиркорларнинг аниқ сони тўғрисида ягона расмий маълумот Самарқанд вилоят прокуратурасидан олинган. Агентликнинг хабар беришича, 29 апрел ҳолатига 3,86 миллион аҳолига эга Самарқанд вилоятида 47,69 минг оила (98,23 минг киши) кам таъминланган деб тан олинган ва уларни қўллаб-қувватлаш учун 7904 та хўжалик юритувчи субектлар бириктирилган:
Пул маблағларини жалб қилишнинг шаффофлиги билан бир қаторда, ҳар қандай хайрия жамғармаси фаолиятидаги яна бир муҳим жиҳат олинган маблағлар қай тарза тақсимланишига доир малумотларнинг шаффофлигидир.
Харидлар тўғрисида маълумотлар, шу жумладан очиқ савдолар, шартномаларнинг шаффофлиги, шунингдек, «Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш» жамғармасининг озиқ-овқат таъминотчилари ҳақидаги маълумотлар очиқ майдонда мавжуд эмас.
Ҳомийликни жалб қилиш учун масъул бўлган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ходимидан олинган маълумотларга (муҳр ва имзосиз) кўра, Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш фонди томонидан озиқ-овқат қуйидаги нархларда сотиб олинмоқда:
Агар жамғарма озиқ-овқатни юқорида кўрсатилган нархларда сотиб олади деб тахмин қилсак, унда сотиб олиш оширилган нархларда амалга оширилади деган хулосага келишимиз мумкин.
Мақолани ёзилиш вақтида Самарқандда 1 кг қуйдаги маҳсулотларнинг чакана нархи:
- «Авангард» гуручи – 6,0 минг сўмдан (33 фоизга арзон),
- Пиёз – 1,5 минг сўмдан (50 фоизга арзон)
- Тиббий ниқоб – 1,0 минг сўмдан (50% арзон)
- Ун (1 нав) қопи – 125,0 минг сўмдан (28,5% арзон)
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига биноан, 18 апрелдан бошлаб «Ўздонмаҳсулот» аксиядорлик компанияси тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун учун 125,0 минг сўм қилиб белгиланган нархни ўрнатди.
Ушбу саволларга, “Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш” жамғармаси республика маъмуриятининг бош ҳисобчиси Нозим Ҳакбердиев қуйидагича жавоб берди: “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22-апрелдаги 213-сонли қарорига биноан республиканинг ҳар бир шаҳри (вилояти) ўз ҳисоб рақамига эга ва уларни депутатлар кенгашлари ўзи бошқаради. Биз бу пулни олиш ёки сарфлашга аралашмаймиз. ”
Жамғарма маблағларининг сарфланиши билан боғлиқ бошқа тафсилотларни билишга имкон бўлмади.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 5 февралдаги «Хайрия тўғрисида» ги қонунининг 7-моддасида аниқ белгилаб қуйилган:
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари ва ташкилотлари хайрия ташкилотининг таъсисчиси бўлишлари мумкин эмас.»
Бундан ташқари, ушбу қонуннинг 16-моддасида қуйдагилар айтилган:
«Хайрия ташкилотининг даромадлари ва харажатлари, мол-мулки, ишчилари сони, уларнинг иш ҳақи ва кўнгиллиларни жалб қилиш ҳажми ва таркиби тўғрисидаги маълумотлар тижорат сири бўла олмайди».
Ўзбекистон Республикасининг «Хайрия тўғрисида» ги қонунига мурожаат қилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил этилган «Меҳрибонлик ва қўллаб-қувватлаш» давлат жамғармаси аслида ноқонуний шаклланган, деган хулосага келишимиз мумкин, чунки давлат ва унинг тузилмалари хайрия ишлари билан жамғармаларни яратиш орқали шуғуллана олмайдилар. Худди шундай чекловлар кўплаб мамлакатларда, жумладан қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам ўрнатилган.
Ушбу мақола IWPRнинг «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» дастури доирасида тайёрланган”.