© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ижтимоий тажриба: Мен Тошкентда бир ҳафта рўмол ўраб юрдим

Тошкентлик журналист Луиза Атабаева бир ҳафта давомида рўмол ўраб юрди. У рўмолда иш юзасидан учрашувлар ўтказиш, метрода юриш, йигитининг дўстлари билан танишиш ва ўз шаънига ҳақоратлар эшитиш қандай бўлиши ҳақида сўзлаб берди.


English На русском

Луиза Атабаева. Photo: З. Милибаева

— Мен ота-онамдан олисда яшайман, шунинг учун уларга бу ҳақда гапириб ўтирмадим. Улар динсиз инсонлар бўлиб, рўмол ҳақида ўта салбий тасаввурга эгалар.

Тошкентда дугонам билан бирга тураман. Мен унга ва ўз йигитимга ижтимоий тажриба ўтказмоқчи эканлигим ҳақида айтдим. Акс ҳолда дугонам мени уйдан қувиб чиқариши мумкин эди. Йигитим эса мени ташлаб кетарди. Бундай таваккалчиликни нима кераги бор?

Кейинчалик мен йигитимдан: «Агар мен диний эътиқодим туфайли рўмол ўраб олганимда, сен бунга қандай муносабат билдирган бўлардинг?», деб сўрадим. «Ҳечқиси йўқ, жиннилиги тугаб, яна ечиб ташлайди, деб ўйлаган бўлардим», — деди у.

Мен ушбу тажрибани ўтказишга қизиққаним сабаби шундаки, Ўзбекистонда рўмолга нисбатан бир-бирига зид бўлган икки хил муносабат мавжуд. Биринчи президент Ислом Каримов даврида ўқув муассасаларида диний либос кийиш ноошкор буйруқ билан тақиқланган эди. 2018 йилнинг август ойида эса мактаб ўқувчиларига рўмолда юришни тақиқлайдиган ҳукумат қарори чиқди.

Ўзбекистонда рўмол «Шрёдингер мушуги» каби — бир вақтнинг ўзида ҳам мақбул, ҳам номақбул мақомга эга.

Интернет тармоғида ўзбек блогерлари рўмол ўраш ҳуқуқи учун курашишни бошлаб юборишди. Натижада улар бир неча суткага ҳибсга олинди. Тақиқ билан боғлиқ бу каби воқеаларни ОАВда жуда кўп учратиш мумкин. Лекин шунга қарамай, агар қиз бола рўмолда юрса, турмушга чиқиши осон бўлади, дейишади. Жамиятда мана шунақа бир-бирига зид бўлган ҳолатлар бор. Ўзбекистонда рўмол «Шрёдингер мушуги» каби — бир вақтнинг ўзида ҳам мақбул, ҳам номақбул мақомга эга.

Рўмолда илк марта кўчага чиқишим

1 феврал, Халқаро рўмол куни, мен ҳижоб харид қилиш учун Чорсу бозорига бордим. Трикотаж рўмоллардан бирини танладим, чунки бундай рўмолни ўраш осон бўлиб, ўрганиш учун интернетдан бу ҳақда дарсликлар қидиришга ҳожат қолмасди.

Сотувчи менга бир зумда ўрашни ўргатиб қўйди. Дастлаб пешонангизга боғични маҳкамлайсиз, кейин ёнбошингизда осилиб турган трубаларни бўйин ва елкаларингизни ёпган ҳолда бошингизга ўраб оласиз. Шу холос. Демак, харид қиламиз.

Луиза Атабаева. Photo: З. Милибаева

Тўқ жигар ранг рўмол, кенг шим ва узун кофтада мен ўша куни кечки пайт дугонам ва йигитим билан фото кўргазмага бордим. Жамоат жойида илк бор бундай кўринишда пайдо бўлиш  мен учун жуда ноқулай эди. Кўргазмада одамлар суръатларни эмас, мени томоша қилаётгандек туюларди.

Кўргазмада одамлар суръатларни эмас, мени томоша қилаётгандек туюларди.

Кўргазмада бир таниш фотографни учратдим, у мен билан яхши саломлашди. Кейинроқ эса у Instagram’да менга: «Бу нима юриш?», деб ёзди. Мен ижтимоий тармоқларда жуда фаолман. Дўстларим, яқинларим, обуначиларим билишадики, мен диний ақидаларга ишонмайман ва худо борлигини инкор қиламан. Шу сабабли кўплар менинг бу ҳаракатимни одамларни ҳайрон қолдириш учун қилаяпти, деб ўйлашди.

Стереотипларни синдириш

Метрода мени бошдан-оёқ норози нигоҳлар билан кузатишди. Мендаги рўмол ва ғаройиб пирсинг (септум) комбинацияси одамларда диссонанс уйғотган бўлса ажабмас. Иккита аёл ўзаро гаплашиб, менинг миллатим нима эканлигига аниқлик киритмоқчи бўлишди. Натижада мени қозоқ бўлса керак, деган хулосага келишди. Ажабланарлиси, ҳижобдаги аёллар менинг кўринишимга нейтрал қарашди.

Луиза Атабаева. Photo: З. Милибаева

Энг катта стрессга ишхонамда, архитектура фирмасида, учрадим. Бошлиғим андиша қилиб менга ҳеч нарса демади. Иш юзасидан ўтказилган учрашувларда аутсорсерлар менинг кўринишимга эътибор қаратишмади. Лекин ҳамкасбларим нима учун ҳижобга кирганим билан жуда қизиқишди.

Корхонамиз раҳбарларидан бири мени нуқул эҳтиёт қилишга уруниши мени ноқулай вазиятга тушуриб қўярди. У менга телефон зарядкасини қўлимга тегиб кетмасдан узатишга, ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган ҳолда сигарета билан сийлашга ҳаракат қиларди.

Рўмол ўраш ва сигарета чекиш бир-бирига зид эканлигини мен кейинчалик, тамаки маҳсулоти сотувчиси томонидан менга нисбатан айтилган ҳақоратдан кейин англадим. 

Рўмол ўраш ва сигарета чекиш бир-бирига зид эканлигини мен кейинчалик, тамаки маҳсулоти сотувчиси томонидан менга нисбатан айтилган ҳақоратдан кейин англадим. Дўконга кирганимда, у менга қараб шундай деди: «Қаранглар, яна ўша бурнига бирбалолар тақиб олган ж***б сигарета олгани келди».

Мен унга жавобан ҳеч нарса демадим, ўзимни ўзбекчани тушунмагандек қилиб кўрсатдим. Бу ҳақда дугонамга айтиб берганимда, у узоқ кулди ва «сотувчи барча стереотипларни синдириб ташлабди-ку», деди.

Йигитимнинг дўстлари билан танишув

Бир куни йигитим мени дўстиникига меҳмонга чақирди. У ерда ўқимишли архитектор улфатлар йиғилди. Мен дугонам билан бирга бордим. Бошимда рўмол. Мақсадим уларга қўшилиб кетиш, севгилимнинг дўстларига маъқул келиш эмас, балки эмпирик тажриба учун керакли бўлган маълумотларни йиғиш эди.

Биз ёқимли суҳбат қурдик, пиво ичдик (мен фақат тажриба доирасида ичишга қарор қилдим) ва «Adventure time» номли мультипликацион сериал кўрдик. Дугонам кўп ҳазилкашлик қилиб, йигитимнинг дўстларига ёқиб қолди. Бу шу даражада равшан эдики, улар мени четга суриб қўйиб, дугонамдан у нималар билан шуғулланиши ҳақида сўрашди.

Балки мен бошқаларнинг эътиборини тортадиган одам эмасдирман, бошимдаги матонинг эса бунга алоқаси йўқдир. Лекин барибир рўмол аълоқа учун қандайдир тўсиқ туғдираётганини ҳис этардим. Мен билан жуда мулойим ва тийиқ муносабатда бўлишди, сир бой бермасликка ҳаракат қилган бўлишса ҳам. Менинг рўмолим уларда когнитив диссонанс ҳолатини юзага келтирганини кейинчалик йигитимдан билдим.

Айтганча, унинг дўстлари мен рўмолни тажриба учун ўраганимни ҳалигача билишмайди. Балки шунинг учун ҳам ўшандан бери меҳмонга чақиришмаётгандир. Майли, нимаям қилардик.

Луиза Атабаева. Photo: З. Милибаева

Иш қидириб

Инглиз тили ўқитувчиси дипломим менга ҳаётимда биринчи марта асқатди. Мен ўз тажрибамни мактабдан иш қидириш билан якунлашга қарор қилдим.

Иккита ўқув масканига бордим. Биринчиси француз тили йўналишдаги мактаб эди, лекин у ерда инглиз тили ўқитувчиларига эҳтиёж йўқ экан. Иккинчи мактабда ҳатто бор ўқитувчиларга ҳам соатлар етишмаётган экан. Лекин ушбу мактаб директори жуда хужмуомала аёл эди. Мен ҳали ёш бўлишимга қарамай, рўмол ўраб олганим учун у кишининг раҳмини келтирдим.

«Ҳали улгурардинг», — деди у афсусланиб.

Рўмол ҳақида гап кетгач, фурсатдан фойдаланиб, мен директордан «Рўмолли ўқитувчиларни ишга қабул қилаверасизларми», деб сўрадим.

«Ўранмагани маъқул, албатта», — деди у.

Луиза Атабаева. Photo: З. Милибаева

Хулосаларим

Мен давлат ишида ишламайман, шунинг учун бирор-бир ижтимоий босимга учрамадим. Умуман олганда, мен шаҳарни ҳеч бир муаммосиз айланиб юрдим, ўраниб олганлар кириши тақиқланган жойларни учратмадим.

Рўмол ўрашнинг ижобий томонлари шундаки, кўчада эркаклар менга шаҳват билан қарашни тўхтатишди. Шаҳар бўйлаб сайр қилиш, қаҳвахонада ўтириш ҳар жиҳатдан қулай эди. Рўмол мени ҳимоя қилаётгандек туюларди.

Рўмол фақат менинг сочларимни яширарди, шахсимни эмас.

Бошқа тарафдан, мен ўзимни тўғри йўлдаги инсондек қилиб кўрсатаёганимдан ҳижолат тортардим. Рўмол фақат менинг сочларимни яширарди, шахсимни эмас. Мен ҳамон ўша ҳазилкаш, сериаллар ва пиццани ёқтирадиган ҳамда аёллар ҳуқуқлари учун курашувчи қиз эдим.

Рўмол зулм рамзи, деган гапларга тўхталиб ўтсам. Менимча, феминизмнинг асосий мақсади аёллар рўмол ўраш-ўрамасликни ўз хоҳишларидан келиб чиқиб ҳал қилишлари учун шароит яратишдан иборат. Рўмолни тақиқлаш ёки қоралаш — бу оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш демакдир.


Мазкур мақола IWPR ташкилотининг «Марказий Осиёда очиқ диалог орқали барқарорлик» лойиҳаси доирасида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар редакциянинг позициясини акс эттирмайди.