© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Иегова шоҳидлари Ўзбекистонда қандай ҳаёт кечирмоқда?

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 140 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 500 кишидан иборат бўлган “Иегова шоҳидлари” диний ташкилоти фаолият олиб боради. Ушбу оқим аъзолари Ўзбекистоннинг бошқа бирор бир шаҳрида рўйхатдан ўта олишмаган, шу сабабли мамлакат бўйлаб уларнинг умумий сони  қанча эканлиги ҳақида маълумот йўқ.


Подпишитесь на наш канал в Telegram!


*Мазкур материал CABAR.asia’нинг Марказий Осиё мамлакатларидаги диний хилма-хиллик билан ўқувчиларни таништиришга бағишланган мақолалар серияси доирасида чоп этилди. Мақола муаллифлари у ёки бу диний конфессияни тарғибот қилиш мақсадини кўзлашмаган.

Чирчиқда оддийгина қилиб қурулган “Подшолик зали” биноси жойлашган, бу Иегова шоҳидларининг мамлакатдаги ягона ибодатхонасидир.

Photo: З. Милибаева
“Подшолик зали” деб ёзилган тахтачани осиб қўйишга ҳуқумат икки йил олдингина рухсат берган. Photo: З. Милибаева

Иегова шоҳидлари вакили Николай Королёвнинг айтишича, ушбу оқим издошлари Ўзбекистон ҳудудида 1950-йиллардан бери яшаб келишмоқда. Советлар даврида улар ўз фаолиятини яширинча олиб боришган. 1957 йилда Фарғоналик илк диндорлар Серафим Якушен ва Екатерина Кобзар ҳибсга олиниб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

1960 йилдан 1990 йилларга қадар Иегова шоҳидлари жамоалари Ангрен, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Фарғона, Чирчиқ, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Қарши ва Бекобод шаҳарларида пайдо бўлган. Королевнинг айтишича, Советлар даврида шоҳидлар “эзгу хабар”ни норасмий тарзда қўшниларига, қариндошларига ва ишдаги ҳамкасбларига улашишган.

Фақат 1994 йилга келибгина Иегова шоҳидлари диний ташкилот сифатида Чирчиқда расман рўйхатдан ўтган. Бироқ, Николайнинг таъкидлашича, расмий мақом диндорларга ҳеч қандай ҳимоя тақдим этмаган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари олдинлари кўп маротаба Иегова шоҳидларини қўлга олиб, маҳаллий аҳолини ўз сафига ноқонуний жалб этиш ва мамлакатнинг турли ҳудудларида яширинча йиғилишлар ташкиллаштиришда айблаган. Қонун бўйича шоҳидлар фақат “Подшолик зали”да тўпланишлари мумкин, диний тарғиботни амалга ошириш эса тақиқланган. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, мазкур қоидани бузганлар маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима тўлашади.

– Диний озчиликлар билан боғлиқ бўлган вазиятни биз фақат ўзимизга нисбатан бўлаётган муносабат бўйича баҳолашимиз мумкин. Авваллари бир ойда 15 га яқин тарафдорларимизни ушлашарди, ҳозир бу рақам камайган, баъзи ҳудудларда эса қўлга олишлар бутунлай йўқолган. Ушбу ўзгаришлар ҳозирги ҳукумат фуқаровий жамият қуриш йўлини танлагани билан боғлиқ. Озчиликларга эҳтиром кўрсатмай, бу мақсадга эришиб бўлмайди. Аммо қонунчилик даражасидаги ўзгаришларни кўрмаяпмиз.

Николай Королёв. Photo: З. Милибаева

Иегова шоҳидлари ҳозирча Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида рўйхатдан ўта олишмаяпти. Рўйхатдан ўтиш учун аввал маҳалла қўмитасидан юридик манзил ҳақида маълумотнома олиш, кейин қолган ҳужжатларни тайёрлаб, Адлия вазирлигига топшириш лозим. Муаммо шундаки, маҳалладан маълумотнома олиш ўтиб бўлмайдиган тўсиққа айланган.

 Адлия вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита буни маҳалла мустақил орган эканлиги ва уларнинг ишига аралаша олмаслиги билан изоҳлайди. Маҳалла қўмитаси эса халқ бунга қарши, дея асослайди. Фарғона водийсида қўмитадагилар Иегова шоҳидлари радикал ташкилот, деб жавоб беришди. Биз уларни судга бердик, яқинда тўртинчи суд мажлиси бўлиб ўтади. Бухоро ва Қашқадарёда мурожаатимизга жавобан сизларда битта ибодатхона бор-ку, яна нима керак, деб ёзишди. Ўрганчда эса фуқаролар йиғини рад жавобини берди, дейишди.

 Биз ариза топширган етти вилоятнинг бирортасидан асосли жавоб оломадик. Яқинда Нукус шаҳрида 100 кишидан иборат бўлган ташаббускор гуруҳимиз рўйхатдан ўтиш учун ариза топширди. Биз Қорақалпоғистонга бориб, фуқаролар йиғини аъзолари билан учрашдик. Аммо у ерда ҳам вазият можаросиз якунланмади.

 Иегова шоҳидларининг эркин фаолият олиб боришларига тўсқинлик қилаётган яна бир муаммо бор. Ўзбекистонда миссионерлик ва прозелитизм тақиқлангани боис, биз мана ўн йилдирки ўз диний адабиётимизни олиб келолмаяпмиз. Фақат электрон журналлардан фойдаланишимизга тўғри келаяпти.

Photo: З. Милибаева

Нигора, 26 ёш:

Нигора. Photo: З. Милибаева

– Иқтисодиёт университетида талаба бўлган йилларимда мен ўзимни чўқинтиришга қарор қилдим. Ота-онам мени ўқишини ташлаб кетади, турмушга чиқолмайди ва жамиятдан ажралиб қолади, деб қўрқишди. Улар Иегова шоҳидлари ким эканлиги ва бу дин қандай дин эканлигини билишмасди.

 Мени Дин ишлари бўйича қўмитада ҳам тушунишмади. Мен уларнинг олдига суҳбатга борганимда, менга мусулмон эканлигим ва Қуроъон ўқишим кераклиги ҳақида гапиришди. Бўлим бошлиғи эса отамга мени уйга қамаб қўйишни маслаҳат берган.

 Бир куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари мени олийгоҳда диплом ишимни ҳимоя қилаётган пайтимда ўзлари билан олиб кетишди. Улар мени жиноятчини тутгандек сўроқ қилишди. Ҳеч қандай ноқонуний иш билан шуғулланмаганим аниқлангач, узр сўраб, қўйиб юборишди. Лекин барибир кўнглимда доғ қолди. Курсдошларим ва ўқитувчиларим олдида ҳам ноқулай бўлди.

Виждонан яшаш

Николай Королёвнинг айтишича, Подшолик зали бугун хайр-эҳсон эвазига кун кўради. Учрашувларда Иегова шоҳидлари махсус қутиларга ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда пул ташлашади. Йиғилган ушбу пулларни ташкилот коммунал хизматларга, солиқларга ва бинони таъмирлашга сарфлайди.

Photo: З. Милибаева

Бу ерда ҳеч кимга ойлик ҳақи тўланмайди, кўнгилли ишчилар озиқ-овқат олишади ва уларнинг йўл харажатлари қопланади.

19 ёшли Малика Иегова шоҳидлари сафига ўн беш ёшида қўшилган:

Малика. Photo: З. Милибаева

– Мен 5-6 ёшда эдим. Ойим жамоа вакиллари сафида Инжилни ўрганардилар. Албатта, ойимнинг йўли менинг йўлим эмаслиги тушунардим. Мен ўз саволларимга Инжилдан жавоб қидира бошладим ва жавобларни топдим.

 Шундан сўнг мен Иегова шоҳиди бўлишга қарор қилдим. Отам аввалига қарши чиқди, қариндошларим тўғри тушунишмади, мактабда ҳам мени мазах қилишди. Мен библия қонунлари билан яшаганим учун, баъзи байрамларни нишонламасдим. Шундай пайтлари синфдошларим мени “риёкор” деб аташарди. Менимча, бу беғараз ҳазил эмас.

Биз ҳафтасига бир марта Подшолик залига учрашувларга ва йиғилишларга борамиз. Мен коллежни тамомладим, шунинг учун бўш вақтларимда қаровчилик қилиб пул топаяпман ва инглиз тилини ўрганаяпман. Отам Инжил менинг ҳаётимни қанчалик яхши томонга ўзгартириб юборганини кўриб турибди. Мен бахтли инсонман, ўз ҳаётимдан мамнунман.

Иегова шоҳидлари бугун давлат ташкилотларида, қурилиш компанияларида, шифохоналарда, мактабларда ишлашмоқда, олийгоҳларда ўқишмоқда ёки нафақа олишмоқда. Шоҳидлар учрамайдиган ягона соҳа – бу ҳарбий иш. Ушбу динда ҳарбий амалиётларда қатнашиш тақиқланган. Тажовузкор урушми, мудофаа жангларими – буни аҳамияти йўқ. Яъни армияга бориш, агар бу альтернатив хизмат бўлмаса, мумкин эмас.

Николай Королёвнинг таъкидлашича, ушбу масала бўйича Иегова шоҳидлари ва ҳукумат ўртасида кескин зиддиятлар йўқ:

– Бизнинг издошларимиз ҳеч қандай муаммосиз ўз эътиқодларини сабаб қилиб қўрсатиб, ҳарбий хизматдан бош тортишлари мумкин. Марказимиз томонидан  диний таълим тўғрисида берилган гувоҳнома кўрсатилгач, ҳарбий комиссия бизни армиядан озод қилади.

 Кўплар бизнинг жамоамизни обрўсизлантиришга урунишади. Бизни ҳукуматга қарши, деб ўйлашади. Лекин бу ёлғон. Иегова шоҳидлари Ўзбекистонда нейтралитет сақлашади. Ватанпарварлик – бу “мен Ўзбекистонни севаман”, деб кўкрак кериш эмас.


Мазкур мақола IWPR ташкилотининг “Марказий Осиёда очиқ диалог орқали барқарорлик” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: