© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистон: Тошкент баҳоийлар жамоаси қандай ҳаёт кечирмоқда

Тошкентнинг гавжум трассаларининг бири бўйлаб покиза бир уй қад ростлаб турибди. Ушбу бир қаватли уйнинг эшигига “Тошкент шаҳар баҳоийлар диний жамоаси” деган ёзув битилган.


Подпишитесь на наш канал в Telegram!


Photo: CABAR.asia

Ўзбекистонда мингга яқин баҳоий диндорлар истиқомат қилади. Мамлакатда баҳоийларнинг олтита жамоаси мавжуд бўлиб, улар Тошкент, Оҳангарон, Самарқанд, Жиззах, Бухоро ва Навоийда жойлашган.

Фарруҳ Расулов – нефтегаз соҳасида фаолият олиб борувчи компания ходими, Тошкент давлат молия институти битирувчиси.

Фарруҳ Расулов. Photo: CABAR.asia

– Менинг ойим 33 ёшида жаҳон динларига қизиқа бошлаган. Динларни ўрганган ва турли хил жамоатларга қатнаган. Ўсмирлик давримда мен ҳам ойим билан тез-тез учрашувларга бориб турардим, ва бу менда диний томондан кенг савия пайдо бўлишига ёрдам берди.

Натижада онам узоқ вақт излаган нарсасини топди ва баҳоий динини қабул қилди. Ўшанда мен 22 ёшда эдим. Ойим мени баҳоийликни қабул қилишга мажбурламади, чунки ушбу диннинг қоидаларига кўра, ота-она ўз фарзандларига танлаш ҳуқуқини беришлари лозим.

Ўн беш ёшли ўсмир ҳали бир қарорга келмаган, баҳоийликни қабул қилиш ёки бошқа йўлни танлашни аниқлаб олмаган бўлади. Биз ўз қарашларимизни зўрлаб ўтказмаймиз. Мен баҳоий динини бир йил давомида ўргандим ва секин-аста излаган саволларимга жавоб топдим. Шундан сўнг мен ўз йўлимни танладим.


Баҳоий дини ХIХ асрнинг ўрталарида Форслар давлатида пайдо бўлган. Ушбу диннинг илк издошлари, Мусо Оға ва Рахим Оға исмли савдогарлар, Самарқандга 1885 йили келишган. Савдо-сотиқдан бўш пайтлари улар атрофдагиларга баҳоий динининг принциплари ҳақида сўзлаб бериб, аста-секинлик билан янги тарафдорларни ўз сафига жалб қила бошлашган.

Баҳоийликни Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб афғон миллатига мансуб бўлган самарқандлик табиб Атоуллохон қабул қилган.

Photo: CABAR.asia

Советлар даврида баҳоийлар, бошқа дин вакиллари каби, таъқибга учраган. Баҳоий жамоалар ўз фаолиятини узоқ йилларга тўхтатишга мажбур бўлган.

Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” қонун қабул қилиниб, баҳоийлар ҳаракати ўз фаолиятини яна янгилади.

Баҳоийлар жамоатига хар қандай эътиқоддаги киши келиши мумкин. Бу ерда бепул машғулотлар ўтказилиб, умуминсонийлик қадриятлар, ўзаро одамийлик ҳақида гапирилади, ва шунингдек танқидий фикрлаш ўргатилади. Photo: CABAR.asia

Элёр Нематов, фотосуратчи ва документалист:

Элёр Нематов. Photo: CABAR.asia

– Мен Бухорода катта бўлганман ва диндор мусулмонлар авлодиданман. Бир куни устозим Ханон Евдаев, кечки рўзасини очаётиб, бир дуо ўқиди. Ушбу дуо жуда тушунарли ва гўзал бўлиб, менинг қалбимдан шу заҳотиёқ жой олди. Мен устозимдан бу қандай дуо деб сўраганимда, у ушбу ибодатни баҳоийлар таълимотидан эканлигини айтди.

У менга кўпроқ маълумот олишим учун “Баҳоуллоҳ ва янги давр” деган китобни берди. Ушбу китобда ёзилганларининг барчаси менинг қадриятларим ва дунёқарашимга тўғри келди.

Муҳими, Баҳоуллоҳ илми бошқа илоҳий китобларга зид эмас. Ушбу таълимот инсониятнинг ҳозирги кундаги муаммоларига тўхталиб ўтади. Биз Баҳоуллоҳгача бўлган барча муаллим ва пайғамабарларни тан оламиз.

Баҳоуллоҳ – форс диний арбоби, баҳоий оқими асосчиси. Унинг ҳақиқий исм-шарифи мирзо Ҳусайн Али и Нурий.
Баҳоий оқими издошлари муқаддас кунларни байрам қиладиган ва йирик тадбирларни ўтказадиган зал. Photo: CABAR.asia

Ҳар йили баҳоийлар жамоатининг Маҳаллий диний йиғинига тўққиз киши сайланади. Улар диний ишларни юргизишади. Танланган номзодлар ўз хоҳишлари билан бу ишдан бош тортишлари мумкин.

Худди шу принцип бўйича Маҳаллий диний йиғин аъзолари Миллий диний йиғин вакилларини сайлашади, улар эса ўз навбатида Халқаро адолат уйини, яъни баҳоийларнинг тўққиз кишилик халқаро маъмурий органини танлаб олишади

Татьяна Клемёнова – Баҳоийлар миллий диний йиғини аъзоси, савдо соҳасида фаолият юритади:

Татьяна Клемёнова. Photo: CABAR.asia

– Баҳоий динини менга қўшнимиз бўлган жазоирлик она ва қиз танитган. Улар инглиз ва араб тилларидан дарс беришарди. Ушбу таълимотни мен бир ярим йил ўрганганман, лекин насроний бўлганлигим учун бир қарорга келишим қийин бўлган.

Христианликни тарк этиб, бошқа динни қабул қилиш – бу ўз эътиқодига нисбатан сотқинлик, деган фикрлар ҳаёлимни тарк этмасди. Баҳоий динининг принципларидан бири – бу хирофотдан воз кечиш эди. Шунинг учун Худонинг ўзи ва унга бўлган ишонч ягона эканлигини, барча динлар битта занжирнинг ҳалқаси ва улар ягона ҳақиқатни ўз ичига олишини англаш учун менга бир оз муддат керак бўлди.

Баҳоуллоҳ ҳақиқат ҳақида шоирона шундай дейди: “Қайси боғда ўсмасин, атиргул атиргулдир”. Мен буни юракдан қабул қилганимдан сўнг барча иккиланишлардан халос бўлдим ва ўз йўлимни танладим.


Баҳоийларга шунингдек сиёсий патиялар ва ҳаракатлар аъзоси бўлиш тақиқланган. Улар аёл ва эркак тенглиги, қашшоқликни йўқотиш ва саводсизликка барҳам бериш принципларига риоя қилишади.

Баҳоий оқимининг барча аъзолари ўзаро тенг ҳуқуқли, уларда руҳонийлар йўқ – ҳар бир киши диний маърифатга эришиш учун мустақил равишда таълим олади. Барча қарорлар кўпчилик розилиги тартибида қабул қилинади.

Маҳаллий диний йиғин фонди ва Наврузга тайёргарлик учун хайр-эҳсон қутиси. Photo: CABAR.asia

Баҳоийлар жамоаси хайр-эҳсон эвазига молиялаштирилади. Ажабланарлиси, молиявий ёрдам фақат жамоа аъзоларидан олинади, баҳоий динида бўлмаган кишиларнинг хайр-эҳсони қабул қилинмайди. Бу ушбу диннинг мустақиллигини сақлаб қолади.

Баҳоийларнинг ҳар бир аъзоси у жамоага қанча кўп ҳисса қўшса, худо томонидан шунча кўп рағбатлантирилишига ишонади. Шу билан бирга хайр-эҳсон қилиш сири ўта муҳим: ким қанча ҳадя қилди, ёки умуман қилмади – бу билан ҳеч ким қизиқмайди.

Согдиана Алфёрова – Тошкент баҳоийлар жамоасининг волонтёри, маъмурий фаолият билан шуғулланади:

Согдиана Алфёрова (слева) и Замира Кадырова (справа). Photo: CABAR.asia

– Мен Тошкентдаги Вестминстер университетини тамомлаганман. Баҳоийлар дини ҳақида ҳали ўқишга кирмасимдан олдин эшитган эдим – мен билан бирга инглиз тили курсларига қатнайдиган қизлар  айтиб беришган.

Мен ушбу қизларга жуда ҳавас қилардим, чунки улар доим гуруҳимизни жипслаштиришга интилишарди ва буни чин кўнгилдан қилишарди. Уларнинг ғоя ва принциплари ва шунга мос келувчи хулқи  мени завқлантирарди. Тез орада биз дўстлашиб олдик.

Мен уларнинг динини ўргана бошладим, кейин ҳаётда айнан ушбу қонун-қоидаларга амал қилишга истагим борлигини англадим. Олийгоҳни тугатгач, мен бир йил давомида жамоа маъмуриятида хизмат қилдим.

Баҳоийлар жамоасининг Тошкентдаги ички ҳовлиси айнан шундай кўринишда. Ҳавонинг иссиқ дамларида бу ерда ўсмирлар ва катталар учун машғулотлар ўтказилади. Photo: CABAR.asia

Баҳоийлар барча динларнинг умумийлигини тан олиши сабабли, улар учун 9 рақами алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу рақам дунёдаги тўққизта асосий диннинг рамзи бўлиб, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни англатади.

Ашхабоддаги баҳоийлар ибодатхонаси. Photo: CABAR.asia

Баҳоийларнинг барча ибодатхоналари гумбаз ва тўққизта кириш йўлидан ташкил топган. Бу дегани, маскан эшиклари барча диний конфессиялар аъзолари учун очиқ. Қизиқарлиси, баҳоийларнинг илк ибодатхонаси Ашхабодда ХХ аср бошларида қурилган. Советлар ҳукмронлиги даврида ушбу бино музей қилинган, кейинчалик эса сабзавотхонага айлантирилган. 1948 йил ибодатхона кучли зилзила оқибатида вайрон бўлган.

Замира Қодирова, бошланғич синф ўқитувчиси:

– Мен Жиззахда туғилиб-ўсганман. У ерда менинг ойим баҳоийларнинг Ўзбекистондаги илк вакилларидан бири билан танишиб қолган. Шундан сўнг ойим ушбу динга қизиқиб, мени ва укамни баҳоийлик руҳида катта қилган. Улғайгач, биз шу йўлда кетишда давом этдик.

Иш фаолиятимда менинг эътиқодим қуйидагича акс этади. Мен болаларга, ҳар бир ота-она ва муаллим каби, умуминсоний ва маънавий қадриятларни ўргатаман. Мен учун ҳар бир бола – бу жавоҳирлар билан тўла бўлган кон каби. Фақат таълим ва тарбия ушбу қимматбаҳо тошларни у ердан чиқариб олишга ва уларни янада чарақлатишга қодирдир.

Менинг вазифам – болаларга маънавий билим бериш, уларнинг ҳар бирига алоҳида ёдашув топиш, уларни яхши кўриш, эшитиш ва фикрини ҳурмат қилиш.

Баҳоийлар динида бир нечта муқаддас рамзлар бор. Масалан, “Исми Азам” деган исм. Ушбу рамз ҳам ҳарфлар билан, ҳам график белгилар билан ифодаланади. Photo: CABAR.asia

2018 йил Дин ишлари қўмитаси қошида Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш ташкил этилди. 16 та диний конфессия, жумладан баҳоийлар, ушбу Кенгаш аъзосига айланди. Жамоа аъзоларининг сўзларига кўра, ўзаро фаолият уларга бир бирларига нисбатан бўлган толерантликни таъминлашга ва мамлакат аҳолисига диний хилма-хиллик ҳақида билим беришга ёрдам беради.


Мазкур мақола IWPR ташкилотининг “Марказий Осиёда очиқ диалог орқали барқарорлик” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: