© CABAR – Центральноазиатское бюро по аналитической журналистике
При размещении материалов на сторонних ресурсах, гиперссылка на источник обязательна.

Ўзбекистон: Оролбўйидаги балиқчилик қандай тикланмоқда

Ўзбекистон ҳукумати Жанубий Орол денгизидаги балиқчиликни солиқ имтиёзлари ва миллионлаб молиявий инвестициялар орқали тиклашга ҳаракат қилмоқда, аммо бу йўл билан сув танқислиги муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.


Орол денгизи бир вақтлар дунёнинг энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган, аммо сўнгги 30 йил ичида бутунлай йўқолиб кетган. Унинг қуриган қисми 4 миллион гектарни ташкил қилади. Ушбу ҳудуднинг 1,3 миллион гектаридан ортиғи Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ерлар Жанубий Орол ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига тегишли. Орол экологик фожиаси бу ерда яшовчи аҳолига, экотизимга ва биологик хилма-хилликка катта миқёсда, қайта тиклаб бўлмайдиган зарар етказиб келмоқда.

Анварбек Матмуратов. Фото: CABAR.asia

Анварбек Матмуратов беш йил давомида балиқ овлаш билан шуғулланади. У бу йили Мўйноқ туманидаги Порлитаув аҳоли пунктида бўлиб ўтган “Орол денгизидаги балиқлардан тайёрланган 99 хил таом“ гастрономик фестивалда иккинчи марта иштирок этди. Анварбек тадбир учун қўшни Беруний туманидан келган, у ерда унинг кичик балиқ фермаси – 1 гектарлик сунъий сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, унда 10 хилдаги балиқлар етиштирилади. Унинг сўзларига кўра, йиллик даромад 50, баъзан эса 60 миллион сўмни ташкил этади (6-7 минг доллар), ҳаммаси балиқларнинг турига боғлиқ.

“Бугунги кунда давлат балиқ овлашга катта эътибор бермоқда. Шунинг учун Беруний туманидаги балиқчи фермерлар сони ҳар йили кўпайиб боряпти ва маҳаллий бозорларга етказилаётган балиқ сони ҳар йили ошмоқда “, – дейди Матмуратов.

Гастрономия тадбири билан бир вақтнинг ўзида “Орол денгизи ва Мўйноқни қайта тиклаш“ мавзусида халқаро эко-фестиваль бўлиб ўтди. Иккала тадбир ҳам минтақада иқтисодий ривожланиш ва сайёҳларни жалб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида амалга оширилди.

Мўйноқ туманида 30 мингдан ортиқ одам яшайди ва Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган туман ҳисобланади. Бир вақтлар маҳаллий аҳолининг кўпчилиги балиқ овлаш билан шуғулланган, аммо бугунги кунда кўплаб ҳудудлар қирлар, чўллар, шўрланган ерлар, тузли ботқоқ ва қуруқ денгизлардан иборат. Бу ерда балиқчиликни қайта тиклашга ҳаракат қилишмоқда ва барча кўлларни, шу жумладан сунъий сув ҳавзаларни ҳам, балиқчилик хўжаликлари бошқарувига топширишмоқда. Шу ерда истиқомат қилувчи Генжабай Утениязовнинг сўзларига кўра, вақти-вақти билан маҳаллий аҳолига қармоқ билан балиқ овлашга рухсат берилади, аммо тутилган балиқларнинг вазни тўрт килограммдан ошмаслиги керак. Бундан ташқари, балиқларнинг увилдириқ сочиш мавсумида балиқ овлаш ман этилади.

Экологик инновациялар зонаси

Ўтмишда Орол денгизи дунёдаги энг бой балиқ овлаш майдонларидан бири бўлган, 1991 йилгача Орол денгизи сув ҳавзаларида йилига 20-25 минг тоннагача балиқ овланган. Маҳаллий аҳолининг 80 фоизидан ортиғи балиқ ва балиқ маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва ташиш билан шуғулланган.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг, сув маҳсулотлари етиштириш соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 1995-2006 йилларда бир неча баробар – 4,2 минг тоннагача қисқарди.

Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра Орол ҳудудида балиқ етиштириш 6 минг тоннадан ошган. Барча маҳсулотлар минтақанинг ички бозорига ва Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади.

Сўнгги йилларда ҳукумат балиқчиликни ривожлантиришга эътибор беришга киришдилар. Аввал Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш учун мақсадли сиёсат ва стратегия умуман мавжуд бўлмаган, ҳозирги кунда 2021 йилгача балиқчилик саноатини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда.

Яқин кунлардан бошлаб Қорақалпоғистонда балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси фаолият олиб бормоқда. Ушбу жамғарма тадқиқот ва селекция ишларини молиялаштириш, замонавий ем рецептларини ишлаб чиқиш, балиқчилик соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, балиқ касалликларини олдини олиш ва даволаш, саноатни ривожлантириш учун инвестиция лойиҳаларини тузиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, “Ўзбекбалиқсаноат“ Ассоциацияси ташкил этилди, Ассоциация ҳудудларда балиқчилик соҳасини мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи 13 та ҳудудий бўлинмалардан иборат.

2023 йил 1 январга қадар Ассоциация ва унинг аъзолари ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилди ва ушбу маблағ, биринчи навбатда, балиқчилик хўжаликларини иқтисодий қўллаб-қувватлашга, ходимларнинг моддий-техника базасини ва моддий рағбатлантиришни кучайтиришга йўналтирилган.

“Ўзбекбалиқсаноат“ очиқ акциядорлик жамиятига аъзолик табиий сув ҳавзаларини ижарага олган фермерлар учун мажбурий, сунъий сув ҳавзалари ижарага олганлар учун эса – ихтиёрий. Балиқчилик хўжаликлари томонидан тўланадиган ижара ҳақи сув ҳавзаси майдони ва овланадиган балиқ ҳажмига боғлиқ равишда тўланади.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Омонтой Бектургановнинг сўзларига кўра, бугунги кунда республикада 1490та балиқчилик хўжалиги мавжуд. Уларга 85,4 минг гектар майдон тегишли, уларнинг 2 фоизга яқини сунъий сув ҳавзалари.

24 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Оролбўйини ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилишни таклиф қилди. 7 ноябрь куни балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш тўғрисида фармонга имзо қўйилди. Ҳужжатда балиқчилик хўжаликларида интенсив усул билан балиқ ишлаб чиқаришга босқичма-босқич ўтиш қайд этилган. Лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат 50 миллион доллар ажратади.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб йилига камида 50 тонна балиқ ишлаб чиқариш қувватига эга балиқчилик гуруҳлари барча солиқ турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинади.

2021 йил 1 ноябргача фермер хўжаликлари балиқ ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, технологиялар, машиналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, ем-хашак ва минерал ўғитлар бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирув тўловлари бундан мустасно) озод қилинади.

Кўпроқ сув керак

Бир вақтлар ўз балиқлари билан машҳур бўлган, Жанубий Орол денгизи, янги шароитларга мослашишга ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда ҳудуд иқтисодиёти асосан пахта, чорвачилик ва полиз экинларини етиштиришдан ташкил топади. Аҳоли асосан савдо, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлими маълумотларига кўра, ҳар йили Орол ҳудудига келаётган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида маҳаллий меҳмонхоналар 11 минг 433 туристга хизмат кўрсатди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 80 фоизга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ноябрь ойи ўрталарида Мўйноқ туманига ташриф буюрди. Президент ушбу ҳудудда кўплаб қамиш ўсишини ҳисобга олган ҳолда, ёшларни иш билан таъминлайдиган қурилиш материалларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш учун корхоналарни ташкил этишни буюрди. Шунингдек, Президент ташқи муҳитга яхши мослаша оладиган ва ем бериш осон бўлган эчки зотларини кўпайтиришни маслаҳат берди. Давлат раҳбари яна бир бор бу ерда балиқчиликни ривожлантириш кераклигини таъкидлади.

Ривожланиш дастурлари, солиқ имтиёзлари ва соҳа ривожига ажратилган миллионлаб долларларга қарамасдан, балиқ саноатини ривожланишига тўсқинлик қилувчи талайгина омиллар мавжуд. Улардан бири Амударёнинг қуйи оқимидаги сув ҳавзаларига балиқларнинг увилдириқ сочиш мавсумида доимий сув етказиб берилмаслиги. Ушбу вақтда сувнинг катта қисми пахта ва дон майдонларига йўналтирилади.

Саламат Ажибаев 15 йил давомида балиқчилик билан шуғулланади. Жанубий Оролбўйидаги Тахтакупир, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида табиий сув ҳавзаларини ижарага олган, аммо сув етишмовчилиги сабабли унинг бизнесининг ривожланиш суръати пастлигича қолмоқда.

“Бу йил сув оз эди, шунинг учун балиқ секин ўсиб бормоқда. Сув омборларини ижарага олишдан ташқари биз балиқларни улгуржи савдоси билан шуғулланамиз. Бошқа балиқчилик хўжаликларидан балиқ сотиб олиб, уларни истеъмолчиларга етказиб берамиз, лекин бошқа балиқчиларда ҳам сув камлиги туфайли балиқ ови жуда кам“, дейди Ажибаев.

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Шавкат Мирзиёев Сув хўжалиги вазирлигига 2019 йил 1 апрелига қадар балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш шартномаларини тузиш ва уларни керакли миқдорда сув билан таъминлаш кафолатини берган эди.

Бугунги кунда Жанубий Орол денгизида ишлатилаётган сувнинг 97,1 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Таққослаш учун: сувнинг 1,2 фоизи коммунал соҳага, 0,3 фоизини энергетика, 0,1 фоизини саноат тармоқларига, 1,2 фоизини балиқчиликка сарфланади.

Орол ҳудудида сув етишмаслиги туфайли 21 та сув омбори қуриб қолди. Шунинг учун, ушбу сув омборлари ижарачилари билан балиқчиликни олиб боришнинг иложи йўқлиги тўғрисида актлар тузилди. Умуман олганда, мавжуд сув омборлари ҳажми собиқ Орол денгизининг ҳажми билан таққослаганда жуда кичик.

Сув муаммоси борлигига қарамай, Саламат умидини йўқотмайди.

“Жанубий Орол минтақаси балиқчилик соҳаси истиқболга эришиши учун табиий шароитда балиқлар етиштириш учун табиий сув омборларини ривожлантириш муҳим. Аммо, ҳозирги кунга қадар, барча саъй-ҳаракатларига қарамай, балиқчиликни ривожлантириш Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги каби кутилган самара келтирмади“, – дейди балиқчи.


ДМазкур материал «Giving Voice, Driving Change — from the Borderland to the Steppes Project» лойиҳаси доирасида, Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг молиявий ёрдами асосида тайёрланди. Мақолада билдирилган фикрлар редакциянинг ёки донорнинг позициясини акс эттирмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: